4 сентябрь куни Россиянинг Кемерово вилояти Мариинск шаҳрида шоир Усмон Носир ҳайкали очилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси хабар қилди.

Қайд этилишича, бу Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йилдаги «Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»га қарорида топшириқ сифатида кўрсатиб ўтилган.

Ҳайкалнинг очилиш тадбирида Кемерово вилояти губернатори Сергей Цивилёв, Ўзбекистоннинг Россиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ботиржон Асадов, Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид ва бошқалар иштирок этди.

Ҳайкал муаллифи Константин Зенич саналади.

Ўзбекистон делегацияси, шунингдек, Мариинскдаги ўрмонзорда жойлашган қатағон қурбонлари мозорига дафн этилган Усмон Носир қабрини зиёрат қилди.

кемерово вилояти, усмон носир

2022 йилнинг ноябрь ойида Наманган шаҳрида шоирнинг ҳайкали ўрнатилганди. Шунингдек, Халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгашининг қарори билан Юнусобод тумани «Буюк Турон» маҳалласидаги (Олой бозори орқасидаги) кўчаларнинг бирига Усмон Носир номи берилган.