Наманган шаҳридаги Усмон Носир номи билан аталувчи хиёбонда 13 ноябрь куни — шоир таваллудига 110 йил тўлган кунда унинг ҳайкали очилди. Монумент президентнинг Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги қарори ижроси доирасида ўрнатилган.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, ҳайкал муаллифи — ҳайкалтарош Қодир Намозов.

Ҳокилмик ахборотида ҳайкални ишлаб чиқиш ва ўрнатиш харажатлари ҳақида маълумот берилмаган; вилоят маъмурияти матбуот хизмати «Газета.uz»нинг сўровига жавобан бу ҳақда маълумот бера олмаслигини маълум қилди.

Президент қарорида ҳайкал ўрнатишдан ташқари Тошкент ва Намангандаги кўчаларга Усмон Носир номи берилиши ҳам қайд этилган. Шунингдек, шоирнинг қатағон даврида кечган ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш учун ишчи гуруҳга ИИВ, ДХХ, шунингдек, Россиядаги тегишли архив материаллари билан танишиши учун шароит яратиш ҳақида кўрсатма берилганди.

Маълумот учун, Усмон Носир 1912 йил 13 ноябрда Наманган вилоятида туғилган. «Қуёш билан суҳбат», «Сафарбар сатрлар» (1932), «Тракторобод» (1934), «Юрак» (1935), «Меҳрим» (1936) каби шеърий тўпламлари, «Норбўта» ва «Нахшон» (1934) достонлари нашр этилган. Пушкиннинг «Боғчасарой фонтани», Лермонтовнинг «Демон» («Иблис») достонларини ўзбек тилига таржима қилган.

Усмон Носир 1937 йил 13 июлда «халқ душмани» сифатида ҳибсга олиниб, дастлаб Магадан, сўнгра Кемероводаги қамоқхоналарга юборилган ва 1944 йил 9 мартда — 31 ёшида ўша ерда вафот этган.