Тошкент шаҳар Юнусобод тумани «Буюк Турон» маҳалласидаги (Олой бозори орқасидаги) кўчаларнинг бирига Усмон Носир номи берилди, дея хабар қилди пойтахт ҳокимлиги.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг VI-77−30−14−0-K/23-сонли қарори билан Юнусобод тумани «Буюк Турон» маҳалласидаги Амир Темур 1-тор кўчаси Усмон Носир кўчаси деб қайта номланди. Шунингдек, ушбу кўчага туташ номсиз кўчага Усмон Носир 1-тор кўчаси номи берилди.

Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 10 февралдаги «Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори тегишли бандининг ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилди, дейилади хабарда.