Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманида 13 ёшли қизни қўшни эркак зўрлагани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан республика прокуратураси муносабат билдирди.

Туманнинг «Амиробод» ОФЙсида яшовчи фуқаро М.З. 30 август куни туман ИИБга мурожаат қилган. Унда 2010 йилда туғилган вояга етмаган невараси Т.С.ни қўшниси З.Ш. қўрқитиш ва зўрлик ишлатиш орқали номусига текканини билдирган.

Суд тиббиёт экспертизасининг 5 сентябрдаги ҳулосаси ва терговга қадар текширувда тўпланган иш хужжатлари инобатга олиниб, гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми (14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш), 119-моддаси 4-қисми (14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) билан жиноят иши қўзғатилган. У ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.

Терговнинг ҳар томонлама тўла ва холисона ўтказилиши Қорақалпоғистон прокурори томонидан назоратга олинди, дейилади хабарда.

Бу шахснинг айби суд томонидан исботланса, 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.