Ўзбекистонда август ойида электр энергияси ва табиий газдан ноқонуний фойдаланиш оқибатида тизимга 46 млрд 229 млн сўмлик зарар етказилгани аниқланди, деб хабар бермоқда Энергетика вазирлиги.

Вазирлик ҳузуридаги «Ўзэнергоинспекция» томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирларида август ойида 785 та ҳолатда табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилгани аниқланган.

Бунда 29 млн 104 минг метр куб табиий газ (26 млрд 297 млн сўм) ва 38,9 млн кВт⋅соат электр энергияси (19 млрд 932 млн сўм) талон-торож қилинган.

Ноқонуний фойдаланишнинг энг кўп ҳолатлари Андижон, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент вилоятлари ҳиссасига тўғри келди.

Ушбу ҳажмдаги табиий газ ҳозирги кунда 145 минг 520 та хонадоннинг, электр энергияси эса 194 минг 500 та хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенгдир.

Солиштириш учун, июль ойида 28,2 млрд сўмлик табиий газ ва 11,8 млрд сўмлик электр энергиясидан (умумий 40 млрд сўм) ноқонуний фойдаланилгани маълум бўлганди.