Ўзбекистонда 2023 йил июль ойида табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш оқибатида тизимга 40 млрд сўм зарар етказилгани аниқланди, деб хабар бермоқда Энергетика вазирлиги.

Бу ойда 573 та ҳолатда истеъмолчилар томонидан табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари қайд этилган. Бунда 37,6 млн метр куб табиий газ (28 млрд 200 млн сўм) ва 22,8 млн кВт⋅соат электр энергияси (11 млрд 800 млн сўм) талон-торож қилиниши сабабли тизимга келтирилган 40 млрд сўм зарар ундиришга қаратилган.

Ноқонуний фойдаланишнинг энг кўп ҳолатлари Андижон, Самарқанд, Навоий ва Тошкент вилоятлари ҳиссасига тўғри келди.

Ушбу ҳажмдаги табиий газ ёз мавсумида 188 мингта хонадоннинг бир ойлик, электр энергияси эса 114 мингта хонадоннинг бир ойлик истеъмолини ташкил қилади.

Қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинган.

Таққослаш учун, июнь ойида 6,1 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланганди.