2019 йил мартидан 2023 йил июль ойининг охиригача БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили сифатида Матильда Димовска фаолият юритган. У Тошкентдаги миссияни якунлаш арафасида «Газета.uz»га интервью берди. Унда у мамлакатнинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги ютуқлари, ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, шунингдек, ҳукумат эътибор қаратиши лозим бўлган истиқболдаги вазифалар ҳақида фикр юритди.

— БМТТДнинг Ўзбекистондаги фаолияти Барқарор ривожланиш мақсадларини (БРМ) амалга ошириш билан бевосита боғлиқ. Сизнинг бу ерда ишлаган даврингизда мамлакат қайси БРМлар бўйича муваффақиятга эришди ва қайси бирларининг устида ҳали ишлаш керак?

— БМТ Тараққиёт дастурининг миссияси БРМга эришиш билан чамбарчас боғлиқ, у БРМга эришиш учун компас бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистонда биз мамлакатнинг барқарор ривожланиш дастурига оид кун тартибига қўйилган вазифаларни амалга ошириш бўйича қатъий интилиши ва ҳаракатларини кузатишга муяссар бўлдик. Хусусан, БМТТД кўмагида ҳукумат ривожланишни режалаштириш ва молиялаштириш жараёнларини мослаштириш, мавжуд молиявий оқимларни оптималлаштириш ва барқарор ривожланиш учун қўшимча ресурсларни жалб қилиш йўлларини аниқлаш мақсадида Интеграциялашган Миллий молиялаштириш стратегиясини (INFF) ишлаб чиқди.

2021 йил июль ойида Ўзбекистон дунёда иккинчи ва Марказий Осиёда биринчи бўлиб Барқарор Ривожланиш Мақсадлари учун суверен облигацияларини чиқариш орқали БРМга содиқлигини яна бир бор намойиш этди. Бу эса глобал ривожланишни молиялаштиришга катта ҳисса қўшди.

БРМга эришиш учун чиқарилган бу облигациялар глобал инвесторларнинг ресурсларини еттита муҳим йўналишни ривожлантиришга йўналтиради. Булар таълим (БРМ 4), сув ресурсларини бошқариш (БРМ 6), соғлиқни сақлаш (БРМ 3), экологик транспорт (БРМ 11), ифлосланишни назорат қилиш (БРМ 11), табиий ресурсларни бошқариш (БРМ 15) ва «яшил» энергия (БРМ 7). 2022 йил охирида эълон қилинган БРМ облигацияларининг тақсимоти ва таъсири тўғрисидаги ҳисобот ресурсларнинг аниқ тақсимланиши ҳамда эришилган ютуқларга қаратилган.

Умумий баҳолаш шуни кўрсатадики, сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистон улкан ўзгаришлар дастурини қўллаб-қувватлаш учун давлат ва хусусий молияни ривожланишга йўналтирди ва ривожланишга йўналтирилган молиялаштиришни йўлга қўйди. БМТТД бу ишда катта ёрдам кўрсатди. Шунинг учун мен ушбу ютуқни ўз фаолиятим давомида БРМ бўйича кун тартибига қуйилган вазифаларни амалга оширишга киритилган энг муҳим ҳисса, деб атаган бўлардим.

— БМТТД Ўзбекистондаги кўплаб лойиҳалари натижасида деярли барча соҳаларга ёрдам кўрсатди. Мамлакатда лойиҳаларни амалга оширишда қандай қийинчиликларга дуч келдингиз? Улар тизимли эдими, агар шундай бўлса, уларни бартараф этиш учун нима қилиш керак?

— БМТТДнинг бугунги ривожланиш муаммоларини ҳал қилишга ёндашувида марказий ўринни комплекс, тизимли ва кўп тармоқли ёндашув ташкил этади. Муаммоларнинг ўзаро боғлиқлигини ҳисобга олган ҳолда, жавобий чоралар турли секторлар ва иштирокчиларни ҳам бирлаштириши керак. Биз БМТТДнинг турли соҳаларда ўзаро ҳамкорлик ва биргалашиб ҳаракат қилиш қобилиятини катта афзаллик деб биламиз.

Ўзбекистондаги ҳамкорларимизнинг бизга бўлган ишончини юқори баҳолаймиз, бу бизга мана шундай мураккаб вазифаларни ҳал қилиш имконини беради. Аммо баъзан муайян қийинчиликларга ҳам дуч келамиз.

Сиёсатнинг ривожлантириш вазифаларига мослаштирилганлиги, шунингдек, мустаҳкам ривожланиш борасидаги маълумотлар таҳлили муҳим аҳамиятга эга. Улардан бирортасининг йўқлиги номақбул натижаларга, вақт ва ресурсларни йўқотишга ва муқобил харажатларга олиб келади. Бундай улкан ислоҳотлар дастурига эга бўлган ва уни жуда тез амалга оширишга интилаётган мамлакатда баъзан сиёсатнинг изчиллиги ва ҳаракатларнинг мувофиқлаштирилганлиги эътибордан четда қолиши мумкин. Бу айниқса, «яшил» иқтисодиёт каби тармоқлараро мавзулар учун хавфлидир.

«Яшил кун тартиби» фақат битта вазирлик ёки идоранинг эмас, балки барча соҳаларнинг кун тартибидир. Шу сабабли биз барча вазирлик ва идораларнинг «яшил кун тартиби» билан боғлиқ ишларини бирлаштирадиган ва мувофиқлаштирадиган механизм яратишни маслаҳат берамиз. Аввал бу вазифани ўз зиммасига олган ва уни амалга оширишда сезиларли ютуқларга эришган Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги эди. Маъмурий ислоҳотлар давом этар экан, «яшил» ўтишнинг тармоқлараро хусусиятига ҳам эътибор қаратиш ва «яшил» сиёсат ва ҳаракатларнинг зарур мувофиқлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.

бмттд, матильда димовска

— Сўнгги пайтларда Ўзбекистон ҳукумати гендер тенглиги ва иқлим ўзгариши масалаларига жиддий эътибор бера бошлади. Мамлакатда бу борадаги ижобий ишларда БМТ Тараққиёт дастури ҳам муҳим ўрин тутади, десак муболаға бўлмайди. Ўзбекистонда ушбу глобал муаммолар бўйича лойиҳаларни амалга ошириш жараёнлари қандай кечди?

— Ўзбекистоннинг янги тараққиёт стратегиясида гендер тенглиги ва иқлим ўзгаришига қарши кураш масаласи эътироф этилгани ҳамда устувор масала сифатида белгиланганлигини кўриш қувонарлидир.

Гендер тенглигига келсак, дунёдаги вазият унчалик қувонарли эмас — гендер тенглигига эришиш учун ҳали кўп йўлни босиб ўтиш зарур, экспертларнинг фикрича, бунга «300 йил» керак бўлади.

БМТТД томонидан яқинда эълон қилинган 2023 йилги ижтимоий гендер меъёрлари индекси (GSNI) ҳисоботида таъкидланишича, нохолис гендер ижтимоий меъёрлари аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини паст баҳолаб, уларнинг жамиятдаги имкониятларини чеклайди. Глобал миқёсда гендер тарафкашлиги аҳолининг 85 фоизига таъсир қилади ва сиёсат, таълим, иқтисодиёт соҳаларида ва жисмоний дахлсизлик масаласида кенг тарқалган.

Ўзбекистонда оила, меҳнат, таълим ва бошқарув соҳаларида гендер стереотипларининг кенг тарқалганлиги БМТТД томонидан ўтган йили ўтказилган «Гендер стереотипларини умуммиллий даражада баҳолаш» тадқиқотида қайд этилган. Бу стереотиплар мамлакатнинг ўсиш салоҳиятига салбий таъсир қилади ва аёллар имкониятларини чеклайди. Шу боис Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлашда гендер стереотиплар ва патриархал қарашларга барҳам бериш ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир.

Иқлим ўзгариши ҳам долзарб муаммо ҳисобланади, чунки Ўзбекистон унинг таъсирига нисбатан заифдир. Саноат, қишлоқ хўжалиги ва транспорт соҳасида углерод миқдорини камайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар мамлакатнинг юқори энергия интенсивлиги ва иқлим ўзгариши туфайли сув танқислиги кучайиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда жуда муҳим аҳамиятга эга.

Биз қишлоқ хўжалигида иқлимга мос ёндашувларни жорий этиш, экологик тоза энергия ва транспортни рағбатлантириш, энергия тежамкор уй-жойлар қуриш ва ҳоказоларга эътибор қаратамиз. Биз ҳукуматнинг ушбу муҳим масалаларга самимий равишда ва алоҳида эътибор қаратаётганлиги ҳамда БМТТДни ушбу саъй-ҳаракатларда ҳамкор сифатида кўриб чиқаётганини юқори баҳолаймиз.

— «Умидани чақиринг» лойиҳаси ҳақида гапириб берсангиз. Ушбу лойиҳанинг самарадорлигини қандай баҳолайсиз? Бу қандай ўзгаришларга олиб келди ва қандай ўзгаришларни рағбатлантириши керак?

— Менимча, ушбу ташаббуснинг самарадорлигини баҳолашга ҳали эрта. Чунки унинг кенг таъсири, ўзгаришлар билан алоқаси жиҳатлари ҳали баҳоланмаган. Аммо биз кўча таъқиби кенг муҳокама мавзусига айланганини ва қизлар ҳамда аёлларнинг ҳуқуқлари ва ҳис-туйғуларига эътиборни қаратилаётгани, шунингдек, бу номақбул хатти-ҳаракат эканлиги эътироф этилаётганлигини кўриб турибмиз. Буларнинг барчаси мазкур ташаббуснинг ижобий натижаларидир. У кўча таъқибига қарши курашда кучларни бирлаштиришга тайёр одамлар ва компаниялар мавжудлигини кўрсатди. Агар бу менталитетнинг ўзгаришига таъсир қила бошлаган бўлса, буни муваффақият деб ҳисоблаш мумкин.

Қолаверса, ушбу экспериментал ташаббус амалга оширилган ўтган йил давомида жинсий зўравонлик, жумладан, кўча таъқиби маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида тан олиниши бўйича муваффақиятга эришилди.

Бундан ташқари, ушбу ташаббус хусусий сектор вакилларининг ихтиёрий ҳамкорликда бирлашиши ва аёлларни кўчада таъқиб қилиш каби мураккаб ижтимоий муаммоларга ечим топишга ҳисса қўшиш имконини яратди. Бу корпоратив ижтимоий масъулият ўсишининг ижобий тенденциясидан далолат беради. Ижобий жавобан ҳаракатлар бизни ҳайратда қолдирди ва яқинда «Умидани чақиринг» ташаббусининг янада ривожланишига бўлган умидларимизни муҳокама қилиш учун мўлжалланган блогимизни эълон қилдик. Биз бу ривожланиш ҳақиқатда содир бўлишига умидимизни йўқотмаймиз.

— БМТТД Ўзбекистондаги келгуси фаолиятида қайси йўналишларни устувор деб ҳисоблайди? Умуман, сизнингча, Ўзбекистон ҳукумати қайси масалаларга кўпроқ эътибор қаратиши керак?

— Йўналишлар ўзгаришсиз қолади. БМТТД Ўзбекистондаги ўзгаришларни қўллаб-қувватлашда давом этади ва «яшил», адолатли ва янада комплекс иқтисодий ўсиш йўлини илгари суришга ёрдам беради. Биз илм-фан, билим, технология ва имкониятларни, уларни танлаш ва ривожланиш имкониятларига айлантира оладиганларга яқинлаштиришимиз мумкин. Бу билан биз ҳамма учун, айниқса, ёш аёллар ва эркакларга янги имкониятлар очишга интиламиз.

Умуман олганда, глобал мақсадлардан келиб чиққан ҳолда, БМТТД БМТ тизимининг бир қисми сифатида Ўзбекистон билан биргаликда ҳамма учун янада яшил, янада соғлом ва барқарор келажакни яратиш устида иш олиб боради. Истиқболлар ва аниқ вазифалар ҳақида гапирадиган бўлсак, менимча, мамлакатдаги ривожланиш аҳволи ва динамикасига мос келадиган ва умуман эътиборга лойиқ бир қанча муҳим масалалар мавжуд:

  • Янги миллий кўп ўлчовли камбағаллик индекси ва хизматлар кўрсатишнинг интеграциялашган моделларидан фойдаланган ҳолда камбағалликни қисқартириш, ижтимоий ҳимоя ва бандлик сиёсатини бирлаштириш.
  • Коррупцияга қарши ислоҳотлар ва заиф ҳудудларда давлат хизматларини модернизация қилиш орқали ижтимоий шартномани мустаҳкамлаш ва жамиятнинг барқарорлигини ошириш.
  • «Яшил Макон», Оролбўйи минтақаси учун интеграциялашган «йўл харитаси» каби ташаббусларни тизимли амалга ошириш билан бирга институтлар ва уларнинг ролларини бирлаштириш орқали иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит деградациясига қарши ҳаракатни жадаллаштириш. Шунингдек, умид қиламанки, Ўзбекистон ҳеч бўлмаганда минтақавий миқёсда иқлим ўзгариши билан кураш ҳаракатлари бўйича етакчига айланади.
  • Гендер масаласига келсак, гендер тенглигини таъминловчи қонунлар, давлат чора-тадбирлари ва институтлари ҳамжиҳатликда иш олиб бориши зарур. Ўзбекистонда аёлларнинг фаолият юритиши, ривожланиши ва гуллаб-яшнашига имкон берувчи кучли ва самарали сиёсат, қонунлар ва институтлар амалда бўлиши учун эса қўшимча саъй-ҳаракатлар керак бўлади.
  • Стратегик инновациялар ва рақамлаштириш давлат хизматларини кўрсатиш, аёллар имкониятларини кенгайтириш ва иқлим ўзгаришини юмшатиш учун кучли восита сифатида фойдаланишда давом этади.

бмттд, матильда димовска

— Сиз «Газета.uz»нинг доимий муаллифи ҳисобланасиз ва бошқа оммавий ахборот воситаларига кўплаб интервю бергансиз. Мамлакатдаги сўз ва матбуот эркинлигини қандай баҳолайсиз? Уларнинг мамлакат тараққиётидаги аҳамияти ҳақида гапириб берсангиз? БМТТД ОАВ бўйича лойиҳаларни амалга оширганми?

— Фаолиятим давомида сўз эркинлиги соҳасида сезиларли олға силжиш бўлди, лекин ҳали кўп иш қилиниши керак. Сўз эркинлигисиз демократик жамият, тўғри бошқарув ва ҳар томонлама юксалиш мумкин эмас. Аммо кўпинча «эркинлик» тушунчаси остида яширинган камситувчи нутқ ва нафрат қўзғатилишининг олдини олиш учун умумқабул қилинган баъзи қоидалар керак.

Очиқ мулоқот тараққиётга, коррупцияга қарши курашишга, жамоатчиликннг ҳукумат ташаббусларига розилиги ва ишончини шакллантиришга хизмат қилади, бу эса самарали бошқарувнинг энг муҳим шартидир.

БМТТД оммавий ахборот воситаларини хулқ-атворни ижобий ўзгартириш, аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш, стереотипларга қарши курашиш ва зарарли ижтимоий меъёрларга қарши ҳаракатларда кучли восита сифатида кўриб чиқмоқда. Ҳозирги пайтда оммавий ахборот воситаларига йўналтирилган аниқ лойиҳаларимиз бўлмаса-да, бизнинг кўплаб ташаббусларимиз медиа таркибий қисмларини ўз ичига олади ва биз уларни медиа ҳамжамият билан яқинроқ ҳамкорлик орқали мустаҳкамлашга умид қиламиз.

— Ўзбекистондаги миссиянгиз ниҳоясига етмоқда. Келажакдаги режаларингиз ҳақида гапириб бера оласизми?

— Мен Монголияга кўчиб кетяпман. Бу бошқа ривожланиш шароитларига эга мамлакат. Монголия ўзининг катта ва аҳолиси кам ҳудуди, бой минерал ресурслари ва кўчманчи анъаналари туфайли ўзига хос муаммолар ва имкониятларга дуч келмоқда.

Мен ҳаётим ва ишимдаги ушбу янги бобни бошлашни интиқлик билан кутаяпман. Аммо сизни ишонтириб айтаманки, Ўзбекистон менинг қалбимда, оиламда ҳамиша алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистонга яна келаман деб умид қиламан. Яхшиямки, Монголия унчалик узоқ эмас (кулиб қўяди).

«Газета.uz» мухбири Миролим Исажонов суҳбатлашди.