2023 йил август ойида Ўзбекистонда инфляция 0,54 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда президент ҳузуридаги Статистика агентлиги ҳисоботида маълумот берилди.

Агентликка кўра, охирги ойда озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 0,6 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,4 фоизга, хизматлар 0,7 фоизга қимматлаган. Июнь ва июль ойларида мавсумий омилни ҳисобга олган ҳолда озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг пасайиши кузатилганди.

Йил бошидан (январь-август ойларида) бери инфляция 3,84 фоизгача пасайди (ўтган ойда бу кўрсаткич 3,3 фоизни ташкил этган). Йиллик инфляция (ўтган йилнинг август ойига нисбатан) 8,96 фоизгача тушди, бу июль ойидагига нисбатан бир оз кўпроқ ҳисобланади (8,94 фоиз), лекин барибир 2016 йил августидан буён энг паст кўрсаткичга яқин (8,6 фоиз). Йил давомида озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 10,6 фоизга (охирги беш йилдаги энг паст кўрсаткич), ноозиқ-овқат маҳсулотлари 7,3 фоизга, хизматлар 8,5 фоизга (ўтган йили 7,1 фоиз эди) қимматлади.

Август ойида алоҳида маҳсулотлар кесимида тухум бирданига 7,3 фоизга (йиллик ҳисобда 20,2 фоизга), гуруч ва гуруч оқшоғи 1,9 фоизга (48,1 фоиз), суякли мол гўшти 1,2 фоизга (13 фоизга), қўй гўшти 1,1 фоизга (12,3 фоиз), сут 0,3 фоизга (18,7 фоиз) қимматлади.

Бир қатор асосий озиқ-овқат маҳсулотлари арзонлади. Ун нархи яна 2,2 фоизга (йил давомида 8,6 фоизга пасайди), кунгабоқар ёғи 1,9 фоизга (-19,1 фоиз), шакар 0,4 фоизга (-3,9 фоиз) арзонлади.

Сабзавот ва мевалар орасида ўтган ойда энг кўп ошқовоқ (2,1 баробар), карам (26,7 фоиз), бодринг (25,9 фоиз), лимон (12,7 фоиз), сабзи (11,8 фоиз) қимматлаган.

Помидорнинг ўртача нархи 32,5 фоизга, бақлажон 29,9 фоизга, булғор қалампири 25,3 фоизга, тарвуз 16,8 фоизга, пиёз 7,1 фоизга, узум 7 фоизга арзонлади.

Йиллик ҳисобда карам 81,1 фоизга, сабзи 54,2 фоизга, лимон 23,8 фоизга, бодринг 22,8 фоизга, узум 6,1 фоизга қимматлаган.

Алкоголли ичимликлар 0,5 фоизга (йил давомида 11,1 фоизга), вино 1,3 фоизга, тамаки маҳсулотлари 0,7 фоизга (+11,2 фоизга) қимматлади.

Август ойида Сурхондарё, Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида совуқ сув ва канализация тарифлари оширилди. Аҳолининг умумий харажатлари таркибида мазкур ҳудудларнинг улушини ҳисобга олган ҳолда бу хизматларни истеъмол қилиш бўйича инфляция ой давомида ўртача 15,6 фоизни ташкил этди.

Август ойида ҳам аввалги ой каби бензин нархи барча ҳудудларда 3,1−6,6 фоиз оралиғида, мамлакат бўйлаб ўртача 4,2 фоизга (июлда 2 фоизга ошганди) ошди. Газ ёқилғиси нархи 3 фоизга, шу жумладан пропан нархи 5,2 фоизга, метан нархи 2,4 фоизга ошди.

Темир йўлда йўловчи ташиш 0,6 фоизга қимматлади.

Алоҳида канцелярия товарлари, китоблар ва гуллар мактаб бошланиши арафасида 0,2−1,9 фоизга арзонлади. Лекин дафтар ва ҳужжатлар учун муқовалар ўртача 2,4 фоизга, мактаб сумкалари, жумладан, портфеллар ва рюкзаклар 1,7 фоизга қимматлади.

Август ойида бир қатор ҳудудларда умумий овқатланиш хизматлари нархи ўртача 0,3 фоиздан 5,3 фоизгача орқалиқда қимматлади. Дафн маросими хизматлари нархи бирданига 4,4 фоизга ошди.

Палов индекси (озиқ-овқат нархлари қандай ўзгаришини тушунишга ёрдам берадиган бигмак ва оливье индексининг аналоги) деярли ўзгармади. Бир порция палов нархи Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида 2,4 фоизга, Фарғонада 1,7 фоизга ошди, қолган вилоятларда нархлар ўзгармади.