Uzbekistan Airways компанияси Тошкент халқаро аэропортида ўз парки учун навбатдаги A320neo самолётини қабул қилиб олди, дея хабар бермоқда компания матбуот хизмати.

Ўрта масофага парвоз қилиш учун мўлжалланган авиалайнер узоқ муддатли лизинг асосида China Aircraft Leasing Group Holdings Limited (CALC) компаниясидан сотиб олинган. 168 ўринга мўлжалланган Airbus A320neo Куала-Лумпурдан Тошкентга Uzbekistan Airways`нинг анъанавий ливреясида етиб келди.

Ҳаво кемаси миллий авиаташувчи ва CALC лизинг компанияси ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликнинг бошланиши ҳисобланади. Авиакомпания янги ҳаво кемасидан Тошкент шаҳри ва республика вилоятларидан амалга ошириладиган авиақатновларида фойдаланишни режалаштирмоқда.

«Бу турдаги ҳаво кемалари ўрта масофали лайнерлар орасида энг машҳур ва яхшиларидан бири ҳисобланади ҳамда хавфсизлик ва тежамкорликнинг энг юқори даражасини тақдим этади. Олдинги авлод авиалайнерларига нисбатан карбонат ангидрид чиқариш даражаси 50 фоизга камайтирилгани туфайли самолёт рақобатчилари орасида энг экологик тоза саналади», — дейилади хабарда.

airbus a320neo, uzbekistan airways

«Дунё миқёсидаги тутган ўрнимиз ва ҳаво кемаларимиз кўплиги билан биз минтақада фаол тарзда авиация техникаларни етказиб берувчи сифатида келгуси йилларда ўсиш йўлимизни давом эттириш учун янги имкониятларни кўрмоқдамиз», — дея таъкидлаб ўтди CALC Бош ижрочи директори Майк Пун.

«Бугунги кунда авиакомпания Airbus A320neo оиласига кирувчи 19 та самолётдан муваффақиятли равишда фойдаланиб келмоқда ва яқин келажакда биз паркни ушбу турдаги яна иккита авиалайнер билан тўлдиришни режалаштирмоқдамиз. 2023 йил давомида парк бешта Airbus A320neo ва иккита LET L-410 ҳаво кемалари билан кенгайтирилади», — деди Uzbekistan Airways АЖ бошқарув раиси Шухрат Худайкулов.

airbus a320neo, uzbekistan airways

Маълумот ўрнида, China Aircraft Leasing Group Holdings Limited самолётларнинг оператив лизинги, уларни сотиб олиш ва қайта лизингга бериш ҳамда тизимли молиялаш, шунингдек, паркни режалаштириш, уни янгилаш, ҳаво кемаларни демонтаж қилиш ва эҳтиёт қисмларни сотишдек қўшимча қиймат хизматлари каби анъанавий вазифаларни ўз ичига олади.

Эслатиб ўтамиз, илк A320neo самолёти 2019 йил баҳорида етказиб берилган. 2022 йил давомида компания бешта A320neo самолётини қабул қилиб олган.