Покистон Ўзбекистон ва Тожикистон билан божхона маълумотлари алмашинувини ташкил этиш устида ишламоқда, дея хабар берди Spot нашри Business Recorder`га таяниб.

Рақамли ташқи савдо платформаси давлат оператори Pakistan Single Window директори Сайид Афтаб Ҳайдернинг нашрга маълум қилишича, янги тизим чегарадан ўтаётган товарларга оид ҳужжат айланишини тўлиқ рақамлаштириш имконини беради.

Йил охиригача Ўзбекистон ва Тожикистон божхона органлари билан шартномалар тузиш режалаштирилган. Унгача PSW Хитой билан онлайн ҳужжат алмашинувини йўлга қўйиш бўйича ишларни якунлайди.

Хитойнинг «ягона дарча» божхона тизими билан интеграциялашуви доирасида онлайн режимда узатиладиган маълумотлар тўплами кенгайтирилади. Тизимда товарлар декларацияси билан бир қаторда келиб чиқиш сертификатлари, фитосанитария ҳужжатлари, транспорт маълумотлари ҳам мавжуд бўлади.

Ҳайдер бундай алмашинув декларация қилинмаган товарлар етказиб берилишига тўсқинлик қилади, деган фикрда. Ҳозирда тизим оператори барча мамлакатлар учун трансчегаравий савдонинг ягона тартибини жорий этиш мақсадида транзит савдо режимларини қайта кўриб чиқиш режасини тайёрламоқда.

«PSW тизими 2022 йилда ишга туширилган ва ҳозирда деярли 70 мингта фойдаланувчига эга. „Ягона дарча“ Покистон ташқи савдосида қоғозбозликни сезиларли даражада қисқартирди», — дейди у.

Мамлакатда қўлланадиган савдо ҳужжатлари QR кодларни жорий этиш билан тўлиқ стандартлаштирилган. Жаҳон банки PSW`ни ишга туширишдан тежалган маблағни тахминан $430 млн га баҳолади.

Февраль ойи охирида Ўзбекистон ва Покистон савдо ҳажмини 1 млрд долларга етказиш учун савдогарларни қўллаб-қувватлаш воситаларини жорий этиш, автомобиль ва транзит ташиш тартиб-қоидаларини уйғунлаштириш ҳамда икки давлат ўртасида электрон тижоратни ривожлантиришни ўз ичига олган ҳаракатлар режасини келишиб олганди.

Июнь ойида бош вазир Абдулла Арипов Беларусдан Афғонистон ва Покистонга янги мультимодал транспорт коридорини яратиш таклифини билдирганди. Шунингдек, Ўзбекистон Афғонистон орқали Покистонга транзит юк ташувларини кенгайтирмоқчилиги ҳақида хабар берилганди.