Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ва президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев 26−27 август кунлари Афғонистонда бўлиб, юк ташиш ва транзит масалаларини муҳокама қилди, дея хабар бермоқда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Томонлар Афғонистон ва Покистон орқали Ҳинд океани портларига чиқиш учун халқаро транспорт коридорини шакллантириш, икки давлатнинг транспорт логистикаси корхоналари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, халқаро автомобиль ташувчилари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, жумладан, Афғонистон орқали транзитга қўйилган чекловларни бекор қилиш ва ва бошқа пунктларга товарларни ташиш масалаларини муҳокама қилди.

Ташриф давомида Афғонистон транспорт ва фуқаролик авиацияси вазири Мулло Ҳамидуллоҳ Охундзода билан «Ўзбекистон — Афғонистон — Покистон» автомобиль йўналиши бўйича экспедиция бўлиб ўтди. Бу ерда делегация Кобулни Шимолий Афғонистон (Мозори Шариф) билан боғловчи Саланг довони ҳамда Афғонистон ва Покистон чегарасидаги «Торхам» чегара пунктидаги вазиятни ўрганди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар икки мамлакат ўртасида транзит юк ташувларини ривожлантириш учун барча имкониятларни сафарбар қилишга келишиб олди, дея қайд этди Транспорт вазирлиги.

TOLONews маълумотларига кўра, Афғонистонга Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг биринчи ўринбосари Нозимжон Холмуродов ҳам ташриф буюрган, делегация таркибида жами 30 нафарга яқин киши бўлган. Афғонистон муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазири ўринбосари Шермуҳаммад Аббос Станикзай билан учрашувларда қўшимча қулайликлар яратиш, визалар бериш ва гуманитар ёрдам кўрсатиш масалалари муҳокама қилинди.

Станикзай Кобул ва Тошкент ўртасидаги савдо алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида «Афғонистондаги алоҳида жойда иш олиб борилаётганини» маълум қилди. Унинг қўшимча қилишича, хавфсизлик билан боғлиқ вазиятга қарамай, савдо ва транзит соҳасида зарур шарт-шароитлар яратилиши, савдо ва транзитни осонлаштириш учун Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ўртасида комплекс механизмни ишлаб чиқиш зарур.

Исматулла Иргашевнинг Ўзбекистон ўтган йили Афғонистон орқали Покистонга 6 минг тонна тижорат товарлари жўнатганини маълум қилди.

Афғонистон муваққат ҳукуматидаги Савдо ва саноат вазирлиги вакили Охундзода Абдулсаламнинг айтишича, йиғилишда Афғонистоннинг турли ҳудудлари, шу жумладан, конларга сармоя киритиш масалалари муҳокама қилинган.

«Икки томон Афғонистонга сармоя киритишни кўпайтириш, транзит тўловларини камайтириш, Афғонистон, Покистон ва Ўзбекистон ўртасида транзит учун шароит яратиш, божхона хизматлари ишини кечаю кундуз режимига ўтказиш масалаларини муҳокама қилди», — деди у.

Афғонистон саноат ассоциацияси директори Абдулжабар Сафий делегация расмийлар билан Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш масаласини ҳам муҳокама қилганини таъкидлади.

«Муҳим янгилик шундаки, [Афғонистон] Саноат ва савдо вазирлиги Ўзбекистондан электр энергияси импортини ошириш бўйича иш олиб бориши керак. Саноат корхоналари эгалари ва сармоядорлар энергияга муҳтож», — деди у.