Тошкент шаҳар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси ва туманлар бўлимлари Тошкент шаҳри ҳокимлиги бўйсунувидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бўйсунувига ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Адлия вазирлиги хабар берди.

Тошкент шаҳар Уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси ва туманлар бўлимларига айлантирилади.

Собиқ ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев ташаббуси билан пойтахтда бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент доирасида 2018 йил август ойида уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси ва бўлимлари Тошкент шаҳри ва туманлар ҳокимлари ихтиёрига ўтказилган эди. Шунингдек, Тошкент шаҳар иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бош бошқармаси ва ҳудудий бўлимлари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги Молия бош бошқармаси ва туманлар ҳокимликлари молия бўлимлари, Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ва туманлар инвестиция бўлимлари, Тошкент шаҳар Туризм ва спорт бош бошқармаси ва туманлар бўлимлари, Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси ва туманлар бўлимлари (кейинчалик ортга қайтарилган) ҳам ўтказилди.

Шунингдек, шаҳарсозлик соҳасидаги қуйидаги тоифа мутахассисларни уларнинг фаолият йўналишлари бўйича ҳар 3 йилда бир марта сертификатлаш тизими жорий этилади.

2023 йил 1 октябрдан лойиҳа бошқарувини ва техник назоратни, шу жумладан йўналишлар бўйича назоратни олиб борувчи мутахассислар, лойиҳа ташкилотларининг муаллифлик назоратини олиб борувчи мутахассислар, шунингдек, лойиҳа бош муҳандислари ва бош архитекторлари, пудрат ташкилотларининг ички назоратини амалга оширувчи мутахассислар сертификатлашдан ўтказилади.

2024 йил 1 январдан назорат ўлчовини амалга оширувчи мутахассислар, эксперт ташкилотлари экспертлари, кўп квартирали уйларни бошқариш органлари раҳбарлари, 1 апрелдан эса туман (шаҳар) ва вилоят архитекторлари ҳамда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳудудий инспекциялари инспекторлари сертификат олишлари лозим бўлади.

Бунда, мутахассисларни сертификатлаш ишларини ташкил этиш бўйича ишчи орган функцияси Вазирлик ҳузурида ташкил этилаётган Компетенцияни ривожлантириш институтига юкланади.

Қурилиш фаолияти субъектларининг (буюртмачи, лойиҳачи, пудратчи бўйича) мажбурий тартибдаги назорат тадбирлари «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимининг «Қурилишда давлат назорати» электрон платформасида амалга оширилади.