Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида автомобиль йўлини кенгайтириш ва кўприкни реконструкция қилиш мақсадида 61 туп манзарали дарахт ноқонуний равишда кесиб ташланди. Бу ҳақда вилоят Экология бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, туманнинг «Миршоди» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи, Олтинсойни Денов тумани билан боғловчи автомобиль йўлини кенгайтириш, ушбу йўлдаги «Қора ариқ» кўпригини реконструкция қилиш мақсадида йўл ёқаларида мавжуд бўлган кўп йиллик дарахтларни кесиш учун туман ҳокимлиги масъул ходими туман экология бўлимидан оғзаки тарзда рухсат сўраган.

Аммо экология ходимлари дарахтларни хатловдан ўтказиб, уларни кесмаслик бўйича тушунтириш берган.

«Шунга қарамай, номаълум шахслар томонидан кечқурун ўсувчанлигини йўқотмаган 61 туп қимматбаҳо навли дарахт (2 туп чинор, 54 туп виргин арчаси), 6 туп кам қимматли дарахт (2 туп терак, 4 туп тол) таг қисми билан кесиб ташланган», — дейилади хабарда.

сурхондарё вилояти, ноқонуний дарахт кесиш

Вилоят Экология бошқармаси тезкор гуруҳи ҳолат юзасидан баённома тузган. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу ноқонуний ҳаракат оқибатида ўсимлик дунёсига 293 миллион 700 минг сўм зарар етказилган.

Ҳолат бўйича вилоят прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилди, терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистон президенти дарахтларни ноқонуний кесганлик учун жазони кучайтириш бўйича парламент томонидан қабул қилинган қонунни рад этганди. Ҳужжат жарималар миқдори кам бўлгани туфайли рад этилган бўлиши мумкин.

Йилнинг биринчи ярмида 2 мингдан ортиқ дарахт ва бутани ноқонуний кесиш ҳолатлари аниқланган бўлиб, табиатга етказилган зарар 3,6 млрд сўмни ташкил этган.