АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистоннинг аграр секторида аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун 2,4 млн доллар миқдорида маблағ ажратади. Бу ҳақда қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Тўраев ва USAIDнинг Осиё бюроси маъмурияти ёрдамчиси ўринбосари Анжали Каур (Änjali Kaur) учрашувида маълум қилинди.

«USAID жорий йил ёзида Ўзбекистон қишлоқ аёллари иқтисодий имкониятларини кенгайтириши учун қўшимча равишда 2,4 миллион доллар ажратишини эълон қилишдан жуда мамнунман», — деди Анжали Каур. Ушбу маблағлар Ўзбекистон, айниқса, Оролбўйи ҳудудидаги қишлоқ аёлларини қўллаб-қувватлаш, уларга тадбиркорлик кўникмалари ва касб-ҳунарга ўргатиш, уларнинг фаолиятини микромолиялаштириш, мураббийлик ва бандлик дастурларини амалга оширишга йўналтирилади.

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.

Учрашувда томонлар USAID ва вазирлик ўртасида «Агробизнесни ривожлантириш» қўшма лойиҳаси доирасида боғдорчилик, қўшилган қийматли маҳсулотларни ишлаб чиқариш, аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш каби йўналишларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди.

Аввалроқ, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида қишлоқ аёлларининг билим ва кўникмаларини ошириш, уларни ишга жойлаштириш ёки ўз бизнесини очишда қўллаб-қувватлаш дастурини ишга туширгани ҳақида ёзгандик. Дастур қарийб 1000 кишини қамраб олади.

Бунда қадар USAID 2021 йилнинг август ойида қишлоқ хўжалигида банд бўлган аёлларни қўллаб-қувватлаш учун $1 млн ажратганди. Ушбу маблағ асосида жорий йилнинг апрель ойида қишлоқ аёлларини ўқитиш ва ишга жойлаштириш дастури ишга туширилди.

Эслатиб ўтамиз, яқинда USAID Ўзбекистон ССВга умумий қиймати 1,3 млн долларни ташкил этадиган совуқ занжирли ускуналар ва компьютерларни топширди.