Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24 август куни Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва йил якунигача бўлган вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказди.

Давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабарига кўра, сўнгги йилларда вилоят изчил ривожланмоқда, лекин бу барча туманларда мутаносиб эмас.

Ҳудуд саноатининг қарийб ярми Самарқанд шаҳрига тўғри келади. Ўтган етти ойда вилоятда 600 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилган. Лекин уларнинг 78 фоизи Самарқанд шаҳри, Каттақўрғон, Пастдарғом ва Самарқанд туманлари ҳиссасига тўғри келган. Сўнгги 5 йилда электр истеъмоли 1,5 бараварга ошган. Қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик, сувни тежаш етарли эмас.

«Албатта, Самарқандда ўзгаришлар бўлди. Бу президентни қониқтирадими ёки йўқми? Мени қониқтирмайди. Самарқанднинг одамлари бу ислоҳотлар уларнинг уйларига, хонадонларига қачон кириб келар экан, деб кутиб ўтирибди», — деди давлат раҳбари.

Жойлардаги ҳокимлар «уйғониши» керак, акс ҳолда, уларни лавозимидан кетишга мажбур қиламиз, деди президент.

«[Самарқанд вилоятида] 150 минг ишсиз бор, 220 минг нафари четда юрибди. Одамларни даромадли қилса бўладими, ким қилади шуни? 14 та туман ва 2 та шаҳар раҳбарлари қилади», — деди у.

Президент меҳнат муҳожирларининг яқинлари хорижда қанча даромад олишидан қатъи назар, ҳар куни улар ҳақида қайғуришини таъкидлади.

«Менинг ниятим — уларни тезроқ қайтариб олиб келиш, шароит ва иш ўринлари яратиш. Ўйлайманки, улар рози бўлади ва менинг ҳам ниятларим амалга ошади», — деди давлат раҳбари.

Агар ҳоким «одил, фидойи, ватанпарвар» бўлса, ўз жамоасини ишлата олса, бундай соҳаларда муаммо бўлмайди", — деди Шавкат Мирзиёев.

«Вилоят ҳокимининг ўринбосарлари ҳаммаси туманларни бўлиб, 1126 та маҳаллага бориб „ётиб олса“, халқни ишонтира олади. Маҳалла, туман раҳбарларининг дунёқараши ўзгармаса, улар жон куйдирмаса, натижа бўлмайди», — деди у.

Президент маҳаллаларда тадбиркорлик ва деҳқончиликни қўллаб-қувватлаш, узум ва писта етиштиришни кўпайтириш, серқатнов йўллар бўйида хизмат кўрсатиш соҳасида аҳолини ишли қилиш зарурлиги таъкидланди.

«Ургут» эркин иқтисодий зонасининг 15 та тумандаги ҳудуди ва вилоятдаги 106 та саноат зонасини инфратузилма билан таъминлаш учун шу йилнинг ўзида 170 миллиард сўм ажратилган. Лекин уларда 620 гектар ер бўш турибди. Мутасаддиларга инфратузилма муаммосини ҳал этиб, ушбу майдонларга тадбиркорларни жалб этиш бўйича топшириқ берилди.

«Самарқандда сўнгги беш йилда электр истеъмоли 1,5 бараварга ошган, лекин вилоятда деярли генерация йўқлиги сабаб йил якунида 650 млн киловатт соат ёки ўтган йилгига нисбатан уч баравар кўп дефицит бўлиши кутилмоқда. У вилоят ҳокими ва унинг ўринбосари, шунингдек, энергетика вазирининг биринчи ўринбосарини танқид қилди. «Ҳамма топшириқни беряпмиз, лекин қишда свет ўчса, самарқандликлар Турдимов демайди, «Мирзиёев қаерга қараяпти?» дейди. Туман ҳокими, вилоят ҳокимининг ноинсоф ўринбосари шу соҳанинг эгаси, ойлик оляпти, ноинсоф, демайди», — деганди у.

Президент Оқдарё ва Пастдарғомдаги подстанцияларни янгилаш, йил якунигача Каттақўрғон тумани ва Самарқанд шаҳрида қуввати 250 мегаватт бўлган 2 та қуёш электр станциясини ишга тушириш вазифасини қўйди.

Вилоятда туризм соҳасида 20 мингта доимий иш ўрни яратиш ва экспортни 500 миллион долларга етказиш имконияти борлиги қайд этилди. Бунинг учун жозибадор дастурларни кўпайтириш, йўлларни ва жамоат транспортини қулай қилиш зарурлиги таъкидланди. Туризм салоҳияти юқори 100 та маҳалла ва қишлоқда «туризм ипотекаси» дастури асосида янги саёҳат манзиллари очиш бўйича кўрсатма берилди.

«Одамларимиз биз белгилаб олган жуда катта вазифаларнинг ижросини кутяпти. Ҳар бир ҳоким ҳудудидаги имкониятдан тўғри фойдаланиб, маҳсулот чиқариб, одамларга иш ўрни яратмаса, буни четдан келиб ҳеч ким қилиб бермайди. Натижадорликни ҳар йили ошириб бориш зарур. Қолган тўрт ой келгуси йилга мустаҳкам замин ясайдиган ойлар бўлиши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.