Самарқанд вилоятида жорий йилда электр энергияси тақчиллиги 2022 йилдагидан кўпроқ бўлиши мумкин. Бу ҳақда пайшанба куни Самарқандда бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев айтиб ўтди, деб ёзади Kun.uz.

«Самарқандда сўнгги беш йилда электр истеъмоли 1,5 бараварга ошган, лекин вилоятда деярли генерация йўқлиги сабаб йил якунида 650 млн киловатт соат ёки ўтган йилгига нисбатан уч баравар кўп дефицит бўлиши кутилмоқда», — деди давлат раҳбари.

Эркинжон Турдимов. Видеодан лавҳа.Эркинжон Турдимов. Видеодан лавҳа.

«Ҳамма топшириқни беряпмиз, лекин қишда свет ўчса, самарқандликлар Турдимов демайди, „Мирзиёев қаерга қараяпти“, дейди. Туман ҳокими, вилоят ҳокимининг ноинсоф ўринбосари шу соҳанинг эгаси, ойлик оляпти, ноинсоф, демайди», — деди у.

Давлат раҳбари Турдимовдан 650 млн кВт·с ўрни қандай қопланиши тўғрисида тилхат ёзишни топширди. «Мен уни интернетда тарқатаман. Мен ҳоким бўлиб жамоам билан кафолат бераман [де], бўлмаса, ана у муовинингни ишдан олиб кетаман, ўтир», — деди у.

Азим Аҳмадходжаев. Видеодан лавҳа.Азим Аҳмадходжаев. Видеодан лавҳа.

650 млн кВт·с — бу Самарқанд вилоятининг бир ойлик истеъмоли. Вилоятда иккита мини ГЭС 50 МВт, битта қуёш станцияси 300 МВт ишлаб чиқаради.

«Бошқа ҳеч бало йўқ. Тармоқ эскиргани сабаб йилига 550 млн кВт·с электр йўқотиляпти. Бу хиёнат, қип-қизил хиёнат.
Аҳмадходжаев (энергетика вазирининг биринчи ўринбосари) жаноби олийлари, шу ерда қоласан, кетма Тошкентга. Эртага вазиринг келади командировкадан, уни ҳам жўнатаман. Неча марта айтиш керак, кенгашда тасдиқлаганмисизлар буни? Ҳисоб-китоби борми? Шуни ҳал қилиб, менга ҳисоб берасан», — деди президент.

Йил бошидан буён Ўзбекистонда газ қазиб олиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,5 фоизга ёки 2,87 млрд куб метрга камайди. Ишлаб чиқарилган электр энергиясининг 85 фоиздан ортиғи газда ишлайдиган иссиқлик электр станцияларига тўғри келади. Бироқ, расмий маълумотларга кўра, электр энергияси ишлаб чиқариш 5,5 фоизга ошган.