20 август куни соат 00:36 атрофида Самарқанд вилояти Ургут туманида Malibu-2 ҳайдовчиси пиёдани уриб юборди, дея хабар бермоқда туман ҳокимлиги матбуот хизмати.

Туманнинг «Боғишамол» МФЙ ҳудудидан ўтувчи 4Р-47 автомобиль йўлининг 59-километрида Malibu-2 автомашинаси ҳаракатланиб келаётган вақтида йўлнинг чап томонидан ўнг томонига ўтаётган пиёдани уриб юборган. Пиёда ҳайдовчи томонидан тиббиёт бирлашмасига етказилган.

Бироқ тиббиёт ходимларининг кўрсатган муолажаларига қарамасдан, йўловчи ҳаётдан кўз юмган. Ҳолат юзасидан Ургут тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

2022 йилда Ўзбекистонда 9902 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган. Бахтсиз ҳодисаларнинг аксарияти — 44,9 фоизи пиёдалар билан боғлиқ. Йўл-транспорт ҳодисаларида 2356 киши ҳалок бўлган.

«Газета.uz» аввалроқ судларнинг тасодифий 50 та қарорини ўрганиб, ҳайдовчилар бундай қоидабузарлик учун қандай жазо олишларини аниқлаганди. Маълум бўлишича, пиёда ўлими учун бирор бир ҳайдовчи қамалмаган.