22 август куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, унинг рафиқаси Зироатхон Мирзиёева, шунингдек, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва унинг рафиқаси Меҳрибон Алиева Физулийда барпо этилган Мирзо Улуғбек номидаги 1-умумтаълим мактабининг очилиш маросимида иштирок этдилар. Бу ҳақда Озарбайжон раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

«Болалар, бу мактабни Фузулий шаҳрига биродарим, муҳтарам Шавкат Миромонович совға қилган. Биродаримни илиқ қарши олишингизни истардим», — деди Илҳом Алиев маросимда.

«Биз Ўзбекистон президенти жаноб Шавкат Мирзиёевдан ва унинг тимсолида Ўзбекистон халқидан бу ажойиб мактабни қуриб, бизга бергани учун миннатдормиз. Мирзиёев жанобларидан Фузулий аҳлининг ўз халқига, ўзбек халқига бу миннатдорчиликларини етказишини сўраймиз», — деди мактаб директори Хажар Маҳмудова.

Мактаб 960 ўқувчига мўлжалланган. Қурилиш ишлари ўтган йили бошланган. Бино 3 гектар майдонда қурилган бўлиб, икки қават ва подвалдан иборат. Мактабда 40 ўқув хонаси, 6 лаборатория, 2 компьютер синфи, 5 функционал ўқув хонаси, 500 ўринли мажлислар зали, спорт зали, 320 ўринли ошхона, кутубхона мавжуд.

Мактаб ҳовлисида футбол майдони, дам олиш ва тадбирлар ўтказиш жойлари, югуриш йўлаклари, йиғилиш хоналари, назорат пункти, қозонхона, сув резервуарлари, трансформатор подстанцияси барпо этилди.

Бир кун аввал ОАВ учун ўтказилган брифингда Илҳом Алиев бу «Қорабоғнинг тикланишида хорижий давлатнинг илк совғаси ва биз бу биродарлик, ҳамжиҳатлик ва қўллаб-қувватлаш ишорасини юксак қадрлаймиз», — дея таъкидлаган эди.

«Ушбу мактаб ҳақиқатан ҳам мана шундай таълим саройи эканлигини айтмаса ҳам бўлади. Май ойида Фузулийда бўлиб, бунёдкорлик ишлари билан танишгандим, Ўзбекистон бизга кўрсатган биродарлик совғаси кўламини ўз кўзим билан кўрдим. Мактаб ўзбек халқининг буюк фарзанди Мирзо Улуғбек номи билан аталган бўлиб, у нафақат таълим маскани, балки дўстлик ва биродарлигимизнинг яна бир маркази бўлишига ишонаман», — деди Озарбайжон президенти.

мактаб, озарбайжон, фузулийдаги мактаб

Президентлар ва биринчи хонимлар давлат қабули вақтида. Фото: prezident.az.

Шавкат Мирзиёев Фузулий шаҳрида янги уйларга кўчиб ўтган аҳоли билан учрашувда янги мактабни «самимий дўстлигимиз келажаги ёдгорлиги» деб атади.

Trend нашрининг хабар беришича, мактаб Ўзбекистон бюджети ҳисобидан қурилган. Бу Ўзбекистонда «президент мактаби» номи билан машҳур бўлган янги турдаги мактаб ҳисобланади. Қурилиш ишларида Enter Engineering компанияси ҳам иштирок этди.