Россиянинг Тверь вилоятида бортида 10 киши бўлган Embraer Legacy хусусий самолёти ҳалокатга учради, дея хабар бермоқда «РИА Новости» Фавқулодда вазиятлар вазирлигига таяниб.

«Дастлабки маълумотларга кўра, бортдагиларнинг барчаси ҳалок бўлган», — дея таъкидлади вазирлик.

Москвадан Санкт-Петербургга учаётган самолёт Куженкино аҳоли пункти яқинида қулаган.

Росавиациянинг хабар беришича, йўловчилар рўйхатида «Вагнер» ХҲК раҳбари Евгений Пригожиннинг исм-фамилияси ҳам бор. Шунингдек, ҳалокат юзасидан тергов бошлангани қайд этилди.

Тверь вилояти губернатори Игорь Руденя авиаҳалокат билан боғлиқ вазиятни назоратга олди. Вилоят раҳбариятининг аниқлик киритишича, воқеа жойида ҳуқуқ-тартибот идоралари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ишламоқда. Воқеа тафсилотлари ва ўлганлар сонига аниқлик киритилади.

Кейинроқ фавқулодда хизматлар вакилининг РИА Новостига маълум қилишича, ҳалокат жойида саккиз кишининг жасади топилган. Қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Россиянинг бир қатор Telegram-каналлари, жумладан, Mash ва Baza Евгений Пригожинга тегишли бўлган самолёт ҳалокатидан олдин гувоҳлар икки марта кучли гумбурлаган овозни эшитганини хабар қилгани ҳақида ёзди. Шундан сўнг самолёт қаноти ва стабилизатори қулаб тушган.

Самолёт ҳалокати версияларидан бири — бортдаги терактдир, деб ёзади Mash. Ҳозирда, Telegram-канал хабарига кўра, маълумотлар махсус хизматлар томонидан текширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 23 июнь куни Евгений Пригожин ҳарбий қўзғолонга уриниш ташаббуси билан чиққан эди. «Вагнер» ХҲК раҳбари ўзининг бир гуруҳ жангчилари, ўзининг айтишича, 25 минг киши билан 24 июнь куни Ростов-Донни назорат остига олди ва Москва томон ҳаракатлана бошлади. У Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб раҳбари Валерий Герасимовнинг истеъфосини талаб қилди. Кун охирида, Москвадан 200 км узоқликда бўлган Пригожин колоннани ортга қайтариб, жангчиларни дала лагерларига қайтаришга қарор қилди. Унинг ўзи Белоруссияга кетди, шундан сўнг унинг қаердалиги ҳақида тўлиқ маълумот бўлмади.