АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) Ўзбекистондаги миссиясига янги директор тайинланди. Миссиянинг Facebook`даги саҳифасида хабар қилинишича, Дэвид Хофман бу лавозимни эгаллади.

«Жаноб Хоффман Ўзбекистон ҳукумати томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлаш бўйича USAID дастурларига раҳбарлик қилади», — дейилади хабарда.

Дэвид Хофман 4 август куни Вашингтонда USAID маъмурияти раҳбари Саманта Пауэр, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Фурқат Сидиқов ва АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник (онлайн) иштирокидаги маросимда қасамёд қилди.

usaid, дэвид хофман, саманта пауэр

Фото: USAID.

USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси 2020 йил сентябрь ойида мамлакат ҳукумати ва халқи билан тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш мақсадида ташкил этилган. Бунгача агентлик ваколатхонаси USAIDнинг Марказий Осиёдаги миссияси таркибида бўлган. Микаэла Мередит миссиянинг илк директори бўлган.

Дэвид Хофман 2009 йилдан бери USAIDда ишлайди. У Калифорнияда туғилган, болалиги отаси фаолият олиб борган Германияда ўтган ва АҚШда ўрта мактабни аъло баҳолар билан тамомлаган. Стэнфорд университетида таҳсил олган, у ерда аввал халқаро муносабатлар, кейин физика бўйича бакалавр даражасини олган. У, шунингдек, Берклидаги Калифорния университетида сиёсий фанлар доктори (PhD) даражасига эга.

Дэвид Хофман турли мамлакатлардаги бир қатор агентлик миссияларида USAIDнинг ташқи ишлар хизмати ходими сифатида ишлаган. Ўрта Осиё ва Кавказ минтақаси билан яхши таниш, рус ва турк тилларида эркин суҳбат қура олади, ўзбек, қозоқ ва грузин тилларини тушунади.

Унинг USAIDдаги биринчи лавозими Покистондаги миссияси бўлган. Кўп ўтмай у Роза Отунбаеванинг муваққат маъмуриятига ёрдам бериш учун Қирғизистонга таклиф қилинган. 2019 йилда Дэвид Хофман USAIDнинг Грузиядаги миссияси директори ўринбосари бўлди. Кейинроқ агентликнинг Арманистондаги миссияси раҳбари вазифасини бажарувчи бўлиб ишлади. У Индонезиядаги миссияда ҳам хизмат қилган. Ўзбекистонда у биринчи бор USAID миссияси раҳбари бўлди.

«Ҳозир Ўзбекистон халқи тараққиётнинг муҳим босқичида. Президент Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистонда иқтисодий ўсишни жадаллаштириш, хизмат кўрсатиш ва фуқароларни ҳимоя қилиш соҳасини кенгайтириш, халқни демократик жараёнларга тўлиқроқ жалб этишга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда», — деди Саманта Пауэр қасамёд қабул қилиш маросимида.

USAID, АҚШ ҳукумати каби, Ўзбекистон халқини қўллаб-қувватлашни чуқурлаштириш тарафдори. «Биз кучли фуқаролик жамияти, ҳисобдорлик, шаффофлик ҳамда бошқарувни яхшилашга кўмаклашиш устида ишлаяпмиз. Мустақил ОАВнинг ўсиши ўзбек ёшлари кўришни орзу қилган Ўзбекистонни барпо этишда мутасаддиларнинг масъулиятини, мутаносибликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга эканини биламиз», — дейди идора администратори.

«USAID Ўзбекистоннинг савдо ҳамкорларини диверсификация қилиш, қўшнилари билан иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янги иш ўринлари яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди», — дея қўшимча қилди у.

Саманта Пауэр, шунингдек, ривожланишга таъсир қилиши мумкин бўлган сув ресурслари танқислиги ортиб бораётганини таъкидлади. USAID Ўзбекистондаги ҳамкорлари билан ечим топиш, жумладан, камроқ сув билан кўпроқ маҳсулот етиштириш учун қишлоқ хўжалигининг янги усулларини жорий этиш устида ишланмоқда, деди у.