Фарғона вилояти Бешариқ туманида оилали, икки фарзандли аёлни 2023 йилнинг март ойида 4 эркак зўрлагани ҳақида хабар берилганди.

Вилоят судлари ахборот хизматининг маълум қилишича, жиноят ишлари бўйича Бешариқ тумани судида судланувчилар М.Й. (1995 йилда Фарғона вилоятида туғилган, муқаддам судланган), Д.Й. (1999 йилда Фарғона вилоятида туғилган), А.С. (1984 йилда Фарғона вилоятида туғилган) ва С.С.га (1989 йилда Фарғона вилоятида туғилган) оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича 17 август куни ёпиқ суд жараёни тугаб, суд ҳукми ўқилди.

Ҳукмга кўра,

  • М.Й. Жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш) 2-қисми «в» банди, 119-моддаси (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 1-қисми ва 165-моддаси (Товламачилик) 2-қисми «в» банди билан айбли деб топилиб, 9 йилга;
  • Д.Й. ва А.С. Жиноят кодексининг 118-моддаси 2-қисми «в» банди ва 165-моддаси 2-қисми «в» банди билан айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бири 8 йилга;
  • С.С. Жиноят кодексининг 118-моддаси 2-қисми «в» банди билан айбли деб топилиб, унга 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

«Биринчи инстанция судининг ҳукмидан норози тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Фарғона вилоят судининг апелляция инстанциясига шикоят бериш ва протест билдиришга ҳақлилиги маълум қилинади», — дейилади ахборотда.