«Тапентадол» оғриқ қолдирувчи дори воситаси Ўзбекистонда муомаласи чекланган гиёҳвандлик воситалари рўйхатига киритилди. Қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар Вазирлар Маҳкамасининг 19 августдаги қарори билан киритилган.

Ушбу дорининг қуйидаги ўлчамлари (граммда) ноқонуний муомалада бўлса, жиноий ҳаракат сифатида баҳоланади:

  • кичик — 0,5 г;
  • кичикдан кўпроқ — 0,5 — 5 г;
  • йирик — 5 г дан ортиқ.

«Тапентадол» опиоид наркотик аналгезик бўлиб, морфин ёки оксикодон сингари онкологик касалликларда ўртача ва кучли оғриқ қолдирувчи восита ҳисобланади. Турли хил препаратларда мавжуд бўлган ушбу модда гиёҳвандликка олиб келиши, суиистеъмол қилиниши ёки нотўғри қўлланилиши мумкин. Уни нотўғри ишлатиш ёки суиистеъмол қилиш дозани ошириб юбориш ва ўлимга олиб келиши мумкин.

Ушбу рўйхатга трамадол, кокаин, морфин ва бошқалар киради (жами 54 та дори).

Бундан ташқари, ушбу соҳада назоратни кучайтириш ва уларнинг божхона чегараси орқали ўтиш жараёнини ўз вақтида расмийлаштириш мақсадида ҳукумат томонидан ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси (ТН ВЭД) таъсир этувчи моддалар кодлари жорий этилмоқда.

Кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхати (жами 79 номда) эпилепсия ва периферик нейропатик оғриқларни (нервлар шикастланганда пайдо бўладиган сурункали оғриқ) даволаш учун мўлжалланган дорилар гуруҳига кирувчи «Габапентин» билан ҳам тўлдирилади.