Ўзбекистон ва Қирғизистон ўзаро товар айланмаси ҳажмини 2 млрд АҚШ долларигача оширишни режалаштирмоқда. Бу борадаги келишувга 1 апрель куни Ўшда бўлиб ўтган Қирғизистон президентининг чегарадош вилоятлардаги ваколатли вакиллари ҳамда Ўзбекистоннинг чегарадош вилоятлари ҳокимлари кенгашининг тўртинчи йиғилишида эришилди.

Қирғизистон ҳукумати хабарига кўра, йиғилишда икки давлат ҳукуматлари раҳбарлари — Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров иштирок этди.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилда Қирғизистон билан товар айланмаси 952 млн долларни (2020 йилда — 907,2 млн доллар), шу жумладан, Ўзбекистондан эспорт 791,1 млн доллар, импорт эса — 161,5 млн долларни ташкил қилди. Қирғизистон Ўзбекистоннинг ташқи савдосида 2,3 фоиз улуш билан Россия (17,9%), Хитой (17,7%), Қозоғистон (9,3%), Туркия (8,1%) ва Корея Республикасидан (4,5%) кейин олтинчи энг йирик ҳамкори ҳисобланади.

Музокараларда иккитомонлама ҳамкорликнинг муҳим масалалари ва энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт, чегараолди савдоси, туризм, маданий-гуманитар соҳалар муҳокама қилинди.

Абдулла Арипов мамлакатлар ўртасида саноат кооперацияси фаол ривожланиб бораётгани, энергетика, транспорт, логистика соҳасида муҳим қўшма лойиҳалар амалга оширилаётганини таъкидлади. Лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш учун 200 млн АҚШ доллари миқдоридаги капиталга эга ўзбек-қирғиз Тараққиёт жамғармаси ишга туширилди.

Акилбек Жапаров «Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида савдо-иқтисодий соҳада амалга оширилмаган катта салоҳият сақланиб қолаётганини, шу муносабат билан давлатларнинг минтақавий маъмуриятлари ва ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш бўйича аниқ амалий чоралар кўриш зарурлигини таъкидлади».

Томонлар «Иркештам- Дароот-Коргон-Учқўрғон» йўли, Қизил-Қия шаҳридаги трансчегаравий савдо логистика маркази қурилиши, шунингдек, янги ривожланиш жамғармаси салоҳиятидан фойдаланиш мумкин бўлган қўшма инфратузилма лойиҳаларини муҳокама қилди.

Ўзбекистоннинг Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятлари ҳокимлари.

Йиғилишда Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Ноокен туманида пахта тозалаш заводи, ип-калава фабрикаси, тўқимачилик фабрикаси ва машина-трактор парки ҳамда ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш заводини ўз ичига олган пахта-тўқимачилик кластерлари мажмуасини яратиш лойиҳасини амалга ошириш жиҳатлари кўриб чиқилди.

Қирғизистон томони Ўзбекистонга цемент, кўмир, кварц қуми, картошка, сут ва сут маҳсулотлари етказиб бериш ҳажмини оширишни таклиф қилди.

Томонлар Қирғизистонда машинасозлик саноатини ривожлантириш ва енгил автомобиллар, қишлоқ хўжалиги техникаларини йиғишни ташкил этиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга тўхталиб ўтди.

Кенгаш Наманган ва Жалолобод вилоятлари маъмуриятларига қорамол ва майда қорамолларни кўпайтириш бўйича қўшма фермер хўжаликларини ташкил этиш, шу жумладан Кластер механизмларидан фойдаланиш масаласини жадаллаштириш бўйича топшириқ берди.

Акилбек Жапаров икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаш доирасида Ўш шаҳрида қирғиз-ўзбек Дўстлик паркини яратишни таклиф қилди.

Учрашув якунида томонлар COVID-19`га қарши эмлаш сертификатларини ўзаро тан олиш тўғрисида ноталарни алмашди.