Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 18 август куни тадбиркорлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқот чоғида тўқимачилик кластерларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари ҳақида гапирди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Давлат раҳбари кластер тизимига ўтиш натижасида қисқа вақт ичида қишлоқ хўжалигида туб ўзгаришлар учун замин яратилганини таъкидлади.

Охирги олти йилда пахта ҳосилдорлиги гектарига 26 центнердан 34 центнерга (айрим ҳудудларда 40 центнергача), пахта толасини қайта ишлаш 2,5 бараварга — 100 фоизгача, ип-калава ишлаб чиқариш — 2,2 баробар, тайёр маҳсулот — 5 центнерга ошди.

2024 йилда тўқимачилик маҳсулотлари экспортини 1,5 баробарга — 5 млрд долларгача (2023 йилда — 3,2 млрд доллар) ошириш режалаштирилган.

Бугунги кунда пахта-тўқимачилик кластерларида 600 мингдан ортиқ киши меҳнат қилиб, барқарор даромад олмоқда, деди президент.

Унинг сўзларига кўра, ўтган йили пахта хомашёсининг ички ва жаҳон нархлари ўртасидаги катта фарқ туфайли кластерлар 6 трлн сўм (500 млн долларга яқин) зарар кўрган. 2022 йилда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистонда етиштириладиган ўрта турдаги пахта хомашёсининг минимал харид нархи 1 кг учун 10 025 сўм этиб белгилаган эди.

Президент кластерларни молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари кенгайтирилишини маълум қилди. Хусусан, 3 трлн сўмлик кредитлар бўйича қарзларни тўлаш муддати бир йилга узайтирилди, кластерларнинг айланма маблағлари учун эса 1,5 йил муддатга 3 трлн сўм миқдорида кредит ажратилади.

Бундан ташқари, пахта ва сунъий толаларни етказиб бериш бўйича транспорт харажатларининг 50 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади. Хом ашё, бўёқ ва кимёвий маҳсулотлар, арматура, совутиш тизимлари ва аксессуарлар уч йил муддатга божхона тўловларидан озод қилинади.