8 август куни Челак шаҳар шифохонасида бўлиб ўтган Пайариқ туман судининг сайёр суд мажлисида февраль ойида ўзининг икки ҳамкасбини калтаклаган ҳамшира иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда Самарқанд вилоят суди матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Судланувчи айбдор деб топилиб, бир йилга озодликдан маҳрум этилди. «Ҳукм кучга киргани йўқ, айбланувчи унинг устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга», — дея қайд этди матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Эслатиб ўтамиз, ҳамширалар ўртасидаги тортишув оилавий жанжал туфайли келиб чиққан ва муштлашувга айланиб кетган. А.Н. бошқа бир ҳамшира Б.Ш. ва шу шифохонада кичик фельдшер бўлиб ишлаётган онаси М.Д.ни чойнак билан уриб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан A.Н.гa нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 109-моддаси иккинчи қисми (соғлиқнинг қисқа вақтга ёмонлашувига сабаб бўлган қасддан баданга енгил шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.