Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси тармоқларда Пайариқ тумани Челак шифохонаси ходимлари ўртасидаги жанжал акс этган видео юзасидан муносабат билдирди.

Тарқалган видеоларда шифохона бош шифокорининг шу ерда ишловчи ўғли ва келини муассасадаги икки ҳамширани уриб, жароҳат етказгани айтилмоқда. Бошқарманинг маълум қилишича, 2 февраль куни шифохонанинг режали хирургия бўлимида ходимлар ўртасидаги ўзаро келишмовчилик сабаб келиб чиққан.

Ҳолат юзасидан вилоят ССБ ишчи гуруҳи томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Жанжалда тан жароҳати етказишда гумонланаётган А. Н.га нисбатан туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 109-моддаси (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.