АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) Қозоғистонда рўйхатдан ўтган Defense Engineering компаниясини санкциялар рўйхатига киритди. АҚШ Молия вазирлиги маълумотларига кўра, у Шимолий Кореядан Россияга қурол-яроғ етказиб беришни ташкил этишга уринган санкцияларни айланиб ўтиш тармоғи билан боғланган.

«Мазкур чоралар Россиянинг Украинага қарши шафқатсиз урушини қўллаб-қувватлашга интилаётган учинчи давлатларнинг ҳаракатларини аниқлаш, фош қилиш ва барбод қилиш бўйича АҚШ стратегиясининг бир қисмидир. Россия [Украинадаги] жанг майдонларида ўқ-дориларни исроф қилишда ва оғир техникани йўқотишда давом этар экан, мамлакат сабабсиз урушни давом эттириш учун ўзининг бир нечта ҳамкорларига, шу жумладан КХДРга мурожаат қилишга тобора кўпроқ мажбур бўлмоқда», — дейилади OFAC матбуот баёнотида.

Шунингдек, Россия ва Словакиянинг «Верус» ва Versor S.R.O компанияларига нисбатан ҳам санкциялар жорий этилди.

Ҳар учала компания Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги қурол-яроғ савдосига кўмаклашишга урингани учун март ойида АҚШ санкциялари остида қолган Словакия фуқароси Ашот Мкртйчев билан боғланган.

Компаниялар, ташкилот маълумотларига кўра, КХДР ва Россия расмийлари билан музокаралар чоғида Россияга бир қатор товарлар, жумладан, хом ашё ва товарлар эвазига йигирмадан ортиқ турдаги қурол-яроғ ва ўқ-дориларни топширишни ташкил этишни режалаштирган.

Бу Марказий Осиё компаниялари Россия билан ҳамкорлик қилгани учун АҚШнинг санкциялар рўйхатига киритилган биринчи ҳолат эмас. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ молия вазирлиги Қирғизистонда рўйхатдан ўтган тўртта корхонага нисбатан Россияга тақиқланган маҳсулотлар етказиб бергани учун санкциялар жорий этган эди.

Ўзбекистон корхоналари ва фуқаролари ҳам Россияга савдо чекловларини четлаб ўтишда ёрдам бергани учун АҚШ санкцияларига киритилган.