Россия қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаётган 100 га яқин Тожикистон фуқароси Украинадаги урушга жўнатилган. Бу ҳақда Тожикистон ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода баёнотига асосланиб, Asia-Plus хабар берди.

Шу билан бирга, Тожикистон Ички ишлар вазирлиги раҳбари Россия Тожикистонга бу масала бўйича маълумот бермаётгани, сабаби давлатлар ўртасида бундай маълумотлар алмашинуви бўйича келишув мавжуд эмасини таъкидлади. Хабарда ушбу фуқароларнинг тақдири ҳақида маълумот келтирилмаган.

Аввалроқ BBC рус хизмати Украинадаги урушда Россия томонида камида 93 нафар Марказий Осиё давлатларининг фуқароси ҳалок бўлганини маълум қилган: Қирғизистондан 19 нафар, Ўзбекистондан 34 нафар ва Тожикистондан 40 нафар. Уларнинг барчаси Россия қамоқхоналаридан, асосан, Вагнер хусусий ҳарбий компаниясидан ёлланган.

Тожикистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Каримжон Ёровнинг январь ойида «Настояшее время» телеканалига берган интервьюсида Россия қамоқхоналаридаги тожикистонликлар ва уларнинг яқинларидан 200−250 га яқин мурожаат келиб тушганини, уларни урушга жалб қилишга уриниш ҳақида хабар берганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, Россияда жами 10 минг нафар Тожикистон фуқароси қамоқда сақланмоқда.

Тожикистон Меҳнат, миграция ва бандлик вазирлиги февраль ойида Россия қамоқхоналарида сақланаётган мамлакат фуқароларининг ўзлари Украинага қарши урушда қатнашиш бўйича шартнома имзолаётганини маълум қилганди.