Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, болаликнинг дастлабки давридаги таълим ва ривожланиш ўзаро тенгсизликларни бартараф этишга ва катта ҳаёт даври фаровон бўлиши эҳтимолини оширишга ёрдам беради. Бироқ Ўзбекистоннинг кўплаб чекка ҳудудларида оилалар узоқ йиллар давомида мактабгача таълим муассасаларидан фойдаланиш имконига эга бўлмаган. ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Цици Сингизи «Газета.uz»га берган колонкасида Наманган вилоятининг чекка қишлоқларидан бирида очилган мактабгача таълим муассасаси мисолида ушбу муассасалардан тенг фойдаланишни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида сўз юритган.

Қадимий миноралар мамлакатида энг катта, энг баланд ва энг чиройли минора қуриш бўйича мусобақа бўляпти! Шабнам Ғиёсова (6 ёш) Имона Маҳмуджонова (6 ёш) билан рақобатлашмоқда. Имона ғалаба қозонадиганга ўхшайди.

мактабгача таълим, юнисеф

Шабнам (чапда) ва Имона. Фото: ЮНИCЕФ.

Шабнам бундан хафа эмас. У хотиржам, эҳтиёткор ва ишини тугатишга шошилаётгани йўқ. Шабнам қурилиш блокларини яхши кўради. Минорасини иштиёқ билан қураётгани бунинг исботидир.

Шабнам ўйчан ва зукко қиз. Унинг энг яқин дугонаси Рухшона Салоҳитдинова (6 ёш) «Бўғирсоқ» эртагида бош ролни ўйнаб, ҳаммани мафтун қилганида тулкига ақлли бўғирсоқни «ейиш» кераклигини биргина у эслатади. Шабнам ақли ва зукколиги билан тенгдошлари орасида ажралиб туради.

Ҳар доим ҳам шундай эмас эди.

Бундан бир неча йил аввал Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида жойлашган чекка «Ўзбекистон»қишлоғида мактабгача таълим ташкилоти йўқ эди. Бу ерда ота-оналарнинг аксарияти деҳқончилик билан шуғулланади. Шабнам уйда ўтказган узоқ кунларини шундай эслайди: «Мен уйда шунчаки ўтирар эдим. Бу жуда зерикарли эди. Ҳозир мен боғчага бораман, дўстларим билан ўйнайман, ёзишни яхши кўраман, блоклар билан ўйнайман ва мен учун Lego энг зўр ўйин». Фақатгина Шабнам емас, балки тенгдошларининг кўпчилиги учун ҳам ушбу марказ ташкил этилишидан аввал мактабгача таълим имкониятлари чекланган эди.

У муқобил боғчага эрталаб келадиган 20 нафар тарбияланувчилардан бири. Яна бир гуруҳ, тахминан 20 та бола, тушдан кейин келади. Мактабгача таълим ташкилотига маҳаллий коллежнинг бир қанотидан жой берилди. Мен Ўзбекистонда кўраётган кўпчилик болалардан фарқли ўлароқ, буларнинг кўпчилигида қимматбаҳо кийимлар йўқ. Қизил-сариқ форма кимнингдир бўйига тўғри келмаган, лекин ҳамма уни ғурур билан кияди.

Болалар ўз гуруҳида ўтказган вақтидан — қўғирчоқ театри, саҳна кўринишлари ва мусиқа машғулотларидан завқланади.

мактабгача таълим, юнисеф

Фото: ЮНИСЕФ.

Бундай мулоқот бебаҳодир, у ўйин орқали болаларнинг онги ривожига туртки беради, Ўзбекистон инсон капитали учун мустаҳкам асос яратади.

Бу оддий лаҳзалар Ўзбекистон таълим тизими ғалабасининг бир қисмидир. Ҳаётнинг биринчи беш йили инсон энг тез ўсадиган ва ривожланадиган давр эканини, инсон мияси ривожланишининг 90 фоизи беш ёшга тўлгунга қадар содир бўлишини эътироф этган ҳолда, мамлакат боланинг эрта ёшдаги ривожланишига муҳим сармоя киритди. Далиллар шуни кўрсатадики, ижтимоий ҳимояга энг кўп муҳтож бўлган болалар учун бундай инвестициялар камбағалликни тугатишга, тенгсизликни бартараф этишга ва келажакда меҳнат самарадорлигини оширишга ёрдам беради.

Мисли кўрилмаган сиёсий ирода бўлгани боис эрта ёшдаги болалар таълимига катта давлат ресурслари ажратилди. 2018 йилдан бери мактабгача таълим соҳасига киритилган миллий инвестициялар 3 баробар кўпайди ва маълум вақтга келиб таълим учун ажратилган маблағ давлат бюджетининг 20 фоизидан ортиғини ташкил этди. Болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 2017 йилда 30 фоиз бўлган бўлса, бу кўрсаткич 2022 йилда 69 фоиздан ошди.

Бундан ташқари, муқобил моделлар, жумладан, давлат-хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим ташкилотлари жорий этилди, натижада 2018 йилдан бери 21 600 дан ортиқ бундай ташкилотлар фойдаланишга топширилди.

Қўйилган мақсадга эришиш ва мактабгача таълим ташкилотига қатнаш борасидаги тенгликсизликни бартараф этиш учун болаларни эрта ёшда ривожлантиришнинг муқобил марказлари барпо этилди. Улар кўпинча мактабгача таълим ташкилотлари бўлмаган жойларда очилди. Шабнам қатнайдиган марказ ҳам шулардан бири. Бундай хизматлар камбағал оилалар учун ижтимоий ҳимоянинг муҳим қисмларидан биридир. Далиллар шуни кўрсатадики, эрта ёшдаги болалар ривожланиши ва таълими тенгсизликни енгиб ўтишга ва келгуси ҳаётда юқори даромад олишга ёрдам беради.

Бу натижа бермоқда. Шабнам каби болалар эрта ёшда ривожланиш ва таълим олиш хизматларидан бепул фойдаланишади. Улар асосан мактабгача таълим хизматларидан фойдаланиш имконияти бўлмаган оилаларнинг фарзандларидир.

Бу каби муқобил марказларнинг очилиши ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг фарзандларига мактабгача таълим муассасаларида тарбияланиш имконини берди, қамров сезиларли даражада ошди. Масалан, Шабнам борадиган марказ жойлашган Наманган вилоятида қамров олдин 24 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 70 фоизга етди. Вилоятда болаларни мактабгача таълим ташкилотлари билан қамраб олишни йил охиригача 75 фоизга етказиш мақсад қилинган.

Эрта таълимга сармоялар беҳуда кетмайди. Уларнинг фойдаси юқори. Далиллар эрта болалик даврида таълимга сарфланган ҳар бир доллар 9 баробар кўпайиб қайтишини кўрсатади. Бу рақамлар жуда таъсирли, бироқ уларни болаларда шаклланадиган когнитив, ижтимоий, ҳиссий, тил ва жисмоний кўникмалар билан солиштириб бўлмайди, чунки улар болалар келажакда академик ва ижтимоий муваффақиятларга эришиши учун замин ҳозирлайди.

Ҳукуматнинг эрта ёшдаги таълимни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун сўнгги беш йил ичида ЮНИCЕФ қарийб 2 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритди. Натижада янги қонунлар, миллий сиёсат ва режалар, маълумотларни йиғиш механизмлари ишлаб чиқилди ва эрта ёшдаги таълим сифати яхшиланди. ЮНИCЕФ эрта ёшдаги таълимни ривожлантириш стандартларини қайта кўриб чиқиш, мактабгача таълим дастурини ишлаб чиқиш ва педагогларни тайёрлаш орқали ҳам ушбу соҳага ҳисса қўшди. Муқобил моделларни жорий этиш, болалар, ота-оналар ва ўқитувчиларга мўлжалланган рақамли ечимларни мунтазам татбиқ этиш ҳисобига хизматлар миқёси кенгайди.

Мазкур соҳадаги қатъий давлат сиёсати ҳамда кўп томонлама ҳамкорлик туфайли 2022 йилда 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган қарийб 2 миллион бола сифатли мактабгача таълим билан қамраб олинди.

Ҳукумат ўз олдига 2030 йилгача барча болаларни мактабгача таълимга жалб этиш бўйича янги улкан мақсад қўйди. Унга эришиш учун қўшимча мактабгача таълим ташкилотларига кўпроқ сармоя киритиш, таълим сифатини ошириш, педагогларни тайёрлаш тизимини янги касбий стандартлар асосида такомиллаштириш зарур.

«Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан ўзгаришлар учун мактабгача таълим нақадар муҳим эканлигини эътироф қилиш ҳамда ушбу соҳада мисли кўрилмаган даража қилинаётган саъй-ҳаракатлар юксак баҳога лойиқдир», деди ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде.