2022 йилда Ўзбекистон консолидациялашган бюджет тақчиллигининг катта қисми ички ва ташқи қарз маблағлари ҳисобига қопланди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эълон қилган «Фуқаролар учун бюджет» ахборот нашрининг 2022 йилги бюджет ижроси бўйича сонида маълумот берилди.

Унга кўра, 2022 йил якуни билан консолидациялашган бюджет тақчиллиги 35,2 трлн сўмни (ялпи ички маҳсулотга нисбатан 4 фоизни) ташкил этди. Тақчилликнинг 2022 йил бошида режалаштирилган 25,5 трлн сўм ёки ЯИМ нинг 3,0 фоизи миқдоридан ошиши асосан ижтимоий соҳа, иқтисодиёт ва аҳолини қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий ва ишлаб-чиқариш инфратузилмасига инвестиция харажатларининг ошиши билан изоҳланган.

бюджет дефицити, давлат активларини хусусийлаштириш, давлат ғазначилик облигациялари, еврооблигация, ички қарз, ташқи қарз

Консолидациялашган бюджет тақчиллигини қоплаш учун қуйидаги манбалар йўналтирилган:

Ташқи манбалар:

  • халқаро молия институтларининг қарз
    маблағлари ва еврооблигациялар чиқариш
    ҳисобидан — 16 трлн 668 млрд сўм;
  • Давлат дастурлари ижроси учун жалб қилинган
    қарз маблағлари — 5 трлн 733 млрд сўм;

Ички манбалар:

  • йил бошига қолдиқ маблағлари ҳисобидан — 1 трлн 949 млрд сўм;
  • давлат активларини хусусийлаштириш ҳисобидан тушумлар — 4 трлн 500 млрд сўм;
  • давлат ғазна облигацияларини чиқариш ҳисобидан — 6 трлн 379 млрд сўм.

Консолидациялашган бюджет тақчиллигининг 78 фоизи ички ва ташқи қарз ҳисобидан қопланган, 22 фоизини қоплаш учун эса йил бошидаги қолдиқ маблағ ва давлат активларини хусусийлаштиришдан келиб тушган пуллар йўналтирилган.

бюджет дефицити, давлат активларини хусусийлаштириш, давлат ғазначилик облигациялари, еврооблигация, ички қарз, ташқи қарз

Маълумот ўрнида, давлат ғазначилик облигациялари — бу аҳоли ва юридик шахсларга сотиладиган ва бу қимматли қоғозларга эгалик қилиш муддати давомида қатъий белгиланган даромад олиш ҳуқуқини берадиган давлат қимматли қоғозлари ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил якунига кўра жами давлат қарзи 29,2 млрд долларни (йилига +2,9 млрд доллар) ёки ЯИМга нисбатан 36,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2023 йил якунига кўра бу кўрсаткич 32,1 млрд доллар (ЯИМга нисбатан 35,7 фоиз) бўлиши прогноз қилинмоқда.