Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ўзбекистоннинг 2023 йилги бюджетига бағишланган «Фуқаролар учун бюджет» ахборот нашрини тақдим этди (.pdf).

Иқтисодиёт вазирлиги нашрда жорий йилги давлат бюджети «глобал зарбалар ва ўсиб бораётган иқтисодий ноаниқлик шароитида» шакллантирилганини эслатиб ўтган.

Тахминларга кўра, ташқи таҳдидлар туфайли иқтисодиёт режалаштирилганидан пастроқ суръатларда ўсади. Агар ўтган йили Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш 5,7 фоизни ташкил этган бўлса, 2023 йилда ЯИМ ўсиши 5,3 фоизгача секинлашиши прогноз қилинмоқда, бироқ 2024−2025 йилларда иқтисодий фаолликнинг тикланиши билан ўсиш мос равишда 5,6 ва 6 фоиз даражасида кутилмоқда.

иқтисодиёт ва молия вазирлиги, фуқаролар учун бюджет


«Фуқаролар учун бюджет»нинг асосий бўлими даромадлар прогнози, харажатлар параметрлари ва давлат бюджети тақчиллигига бағишланган. Даромадлар 232,6 трлн сўм ёки ЯИМга нисбатан 21,8 фоиз (2022 йилда — 202,05 трлн сўм ёки ЯИМга нисбатан 22,7 фоиз) миқдорида прогноз қилинмоқда.

Айрим турдаги солиқлар ставкаларининг ЯИМга нисбатан 22,7 фоиздан 21,8 фоизгача камайиши, шунингдек, бир қатор солиқ имтиёзларининг бекор қилиниши билан боғлиқ умумий солиқ юкининг камайиши фонида даромадларнинг ўсиши кутилмоқда.

Ўқувчилар эътиборига 2023 йилга мўлжалланган солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари, манбалар бўйича давлат бюджети даромадлари прогнози, уларнинг тушумига таъсир этувчи омиллар тақдим этилади. Хусусан, тушумнинг асосий қисми ҚҚС (63,7 трлн сўм) ва даромад солиғи (42,8 трлн сўм)дан тушади.

иқтисодиёт ва молия вазирлиги, фуқаролар учун бюджет

Тўғридан-тўғри солиқларни прогнозлашда иқтисодий ўсиш суръатлари, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ва иш ҳақининг ўсиши ҳисобга олинди.

Шунингдек, 2023 йилда бюджет харажатлари ҳажми ва йўналишлари ҳақида ҳам маълумот берилди. Харажатлар 257,7 трлн сўм ёки ЯИМга нисбатан 24,1 фоиз (2022 йилда — 236,6 трлн сўм ёки ЯИМга нисбатан 26,6 фоиз) миқдорида тасдиқланган.

иқтисодиёт ва молия вазирлиги, фуқаролар учун бюджет

«Харажатлар қисмида ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш харажатлари устувор йўналиш бўлиб қолмоқда. Инфляциянинг кучайиши шароитида (2022 йилда — 12,3%, 2023 йилда 9,5% бўлиши кутилмоқда) ушбу соҳани молиялаштириш, жумладан, иш ҳақи, пенсия ва ижтимоий нафақаларни оширишга кўпроқ маблағ ажратилишини талаб этади. 2023 йилда Давлат бюджети умумий харажатларининг 50,4 фоизини ижтимоий харажатлар ташкил этади», — дейилади хабарда.

Кейинги йилларда жорий этилган ташаббусли бюджет амалиёти ушбу мақсадларга ажратиладиган бюджет маблағларини кўпайтириш ҳисобига кенгайтирилади. Ўқувчилар фуқароларнинг бевосита иштирокида, уларнинг фикр ва таклифларини инобатга олган ҳолда маҳаллий бюджет маблағларини қанча миқдорда тақсимлаш режалаштирилганлигини билиб олишлари мумкин.

Бўлим бюджет тақчиллиги ва уни қоплаш манбалари тўғрисидаги маълумотлар билан якунланади. Ўрта муддатли истиқболда давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш учун тақчилликни босқичма-босқич: 2023 йилда — 3 фоиз, 2024 йилда — 2,7 фоиз, 2025 йилда — 2,2 фоизга қисқартириш режалаштирилган.

Нашрнинг охирги бўлими давлат қарзининг ҳолати ва уни бошқаришга бағишланган. Унда «макроиқтисодий барқарорлик учун мақбул даражада қолаётган» давлат ташқи ва ички қарзининг динамикаси ва прогноз қилинадиган ҳажми ҳақида маълумот берилган.

Хусусан, агар 2022 йил якунига кўра жами давлат қарзи 29,2 млрд долларни (йилига +2,9 млрд доллар) ёки ЯИМга нисбатан 36,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2023 йил якунига кўра бу кўрсаткич 32,1 млрд доллар (ЯИМга нисбатан 35,7 фоиз) бўлиши прогноз қилинмоқда.