Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди «Уммон» гуруҳининг собиқ солисти Зоҳид Рисқиевга нисбатан ҳукмни ўқиб эшиттирди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг сентябрида Зоҳид бошқарувидаги BMW катта тезликда ҳаракатланиб, йўлни ажратиб турувчи бетон тўсиққа урилиб, Мегапланет савдо мажмуаси қаршисидаги кўп қаватли уй олдига тушганди. Бунинг оқибатида йўловчилардан бири воқеа жойида вафот этган, Зоҳид ва икки йўловчи шифохонага ётқизилганди.

Суд Зоҳид Рисқиевга жазо тури ва миқдорини белгилашда содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, шу билан биргаликда Жиноят кодексининг 7, 8-моддаларида кўрсатиб ўтилган одиллик ва инсонпарварлик тамойиллари ҳамда Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги қарори талабларидан келиб чиқди, дейилади хабарда.

Шунингдек, судланувчига жазо тайинлашда унинг айбига иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини, жабрланувчининг қонуний вакили ва жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлиги, уларнинг судланувчига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўраб берган фикри, судланувчининг соғлиғи оғир аҳволда эканлиги инобатга олинди.

Суд унга нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми санкциясида назарда тутилган муайян ҳуқуқдан, яъни транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни, шу билан биргаликда тайинланаётган озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтамасдан туриб ҳам уни хулқини назорат қилиш орқали тузатиш мумкин деган фикрга келди. Шунга кўра, айбланувчига нисбатан ЖКнинг 72-моддасини қўллаб, тайинланаётган жазони шартли деб ҳисоблаб, синов муддати белгилашни мақсадга мувофиқ деб ҳисобланди.

Шу тариқа ЖИБ Юнусобод туман судининг 2023 йил 9 августдаги ҳукмига кўра Зоҳид Рисқиев ЖКнинг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди. Унга 3 йил транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Зоҳид Рисқиевга нисбатан ЖКнинг 72-моддасини (шартли ҳукм қилиш) қўллаб ва тайинланган жазони шартли деб ҳисоблаб, 2 йил синов муддати белгиланди.

Бундан ташқари, жабрланувчининг қонуний вакили ва жабрланувчиларга етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш масаласида фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжудлиги тушунтирилди.

Биринчи инстанция судининг ушбу ҳукмидан норози тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясига шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинади.