29 сентябрь куни тахминан соат 23:00 ларда 1990 йилда туғилган З.Р. («Уммон» гуруҳи солисти Зоҳид Рисқиев) ўзининг бошқарувидаги BMW автомашинасида Аҳмад Дониш кўчасидан Янгишаҳар кўчасига қараб ҳаракатланаётганда руль бошқарувини йўқотиб, йўл транспорт ҳодисасини содир этди. Бу ҳақда Тошкент ИИББ хабар қилди.

Оқибатда транспорт воситаси ҳайдовчиси ва йўловчилари 1995 йилда туғилган Ж.И. ҳамда 1996 йилда туғилган Ж.Й. касалхонага ётқизилган. 1994 йилда туғилган Х.С. воқеа жойида вафот этган.

Ҳодиса юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошкармаси томонидан Жиноят Кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Одам ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзгатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги автоҳалокатга учраган уч нафар беморнинг ҳолати юзасидан маълумот берди.

Тошкентдаги даволаш муассасасига олиб келинган автомашина бошқарувчиси Зоҳид Рисқиевга «Бош мия очиқ жароҳати. Бош мия лат ейиши. Бош тепа соҳасининг эзилиб йиртилган жароҳати. Чап елка соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши. Кома 1−2 даража» ташхиси қўйилган.

Тиббиёт ходимлари томонидан бемор бошидаги жароҳатга бирламчи жарроҳлик ишлови берилган. Оғриқсизлантирилиб, ИВЛ аппартига уланган. Бош қисми МСКТ, ички аъзолари эса УТТ каби барза зарурий текширувлардан ўтказилган.

Айни пайтда Зоҳид Рисқиев жонлантириш бўлимида. Сунъий нафас олиш аппаратига уланган. Унга барча тегишли тиббий муолажалар кўрсатилмоқда.

Шунингдек, «Бош мия очиқ жароҳати. Бош мия лат ейиши. Бош тепа соҳасининг эзилиб йиртилган жароҳати. Кўкрак қафаси лат ейиши» диагнози қўйилган йўловчи Ж.Й. ҳам жонлантириш бўлимида зарур даво муолажаларини олмоқда. Унинг аҳволи ўрта оғир. Хушида.

Бемор Ж.И.да эса «Бош мия ёпиқ жароҳати. Бош мия чайқалиши. Чап томон юқори қовоқ, ўнг томон жағ ости ва бўйин соҳалари эзилиб йиртилган жароҳатлари» аниқланди.

Унга тегишли тиббий ёрдам кўрсатилиб, зарур муолажалар ўтказилгач, аҳволи қониқарли бўлгани учун амбулатор шароитда даволаниши учун уйига жавоб берилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги айни пайтда беморлар саломатлигини ўз назоратига олган. Муолажа жараёнлари учун етакчи тиббиёт мутахассислари жалб қилинган.