Ўзбекистон Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) матбуот хизмати Феруза Эшматова Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси биносида 33 ёшли эркакнинг вафот этганига муносабат билдирди.

Омбудсман Бош прокуратурага хат киритиб, вазиятни назоратга олган.

«Жиноят учун жазо муқаррар, лекин бу жазо суд орқали тайинланиши керак. Ўзбекистон қийноққа қарши ўзининг мустаҳкам позициясига эга. Омбудсман инсонийликка қарши бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатларни қатъий қоралайди. Ҳолат тергов давомида ўз тасдиғини топса, айбдорлар қонуний ва муқаррар жавобгарликка тортилишини талаб қилади», — дейилади хабарда.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда 12 август куни Тошкент шаҳридаги ички ишлар бўлимида қўлга олинган 33 ёшли У.Д. вафот этгани ҳақида хабар пайдо бўлган. Унда айтилишича, эркак соат 21:00 да уйидан олиб кетилган, соат 1:00 да жасад ўликхонага юборилган. Шифокорлар унинг касаллик туфайли вафот этганини билдирса-да, марҳумнинг яқинлари унинг қийноққа солинганини айтмоқда.

Ички ишлар бош бошқармаси хабарига кўра, ўта оғир жиноятларда гумон қилинган шахс баённомани расмийлаштириш чоғида ўзини ёмон ҳис қилиб, ҳушини йўқотган. Гумонланувчининг ўлими юзасидан пойтахт прокуратураси томонидан мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва қийноққа солиш моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган.