Ижтимоий тармоқларда 12 август куни Тошкент шаҳридаги ички ишлар бўлимида қўлга олинган 33 ёшли У.Д. вафот этгани ҳақида хабар пайдо бўлди. Унда айтилишича, эркак соат 21:00 да уйидан олиб кетилган, соат 1:00 да жасад ўликхонага юборилган. Шифокорлар унинг касаллик туфайли вафот этганини билдирса-да, марҳумнинг яқинлари унинг қийноққа солинганини айтмоқда. Ижтимоий тармоқларда қийноқларга алоқадор бўлиши мумкин бўлган ИИБ ходимининг исми ҳам кўрсатиб ўтилган.

Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармаси душанба куни эрта тонгда ҳолат бўйича муносабат билдирди, унда ўта оғир жиноятларни содир этган жиноий гуруҳга алоқадорликда гумон қилиниб қўлга олинган шахснинг ўлими ҳақидаги маълумот тасдиқланган.

Баёнотда айтилишича, қўлга олинган У.Д. Жиноят-процессуал кодексининг 224-моддаси (Қамоқда сақлаш жойлари)га асосан баённомани расмийлаштириш чоғида ўзини ёмон ҳис қилаётганини айтиб, тўсатдан йиқилиб, ҳушини йўқотган.

Тез ёрдам чақирилган, ИИО ходимлари биринчи тиббий ёрдам кўрсатган, бироқ тез ёрдам келгунига қадар У.Д. вафот этган, дейилади хабарда.

Бирламчи ташхисга кўра, гумонланувчининг ўлимига жигар циррозининг оғир стадияси, ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги сабаб бўлган, дея таъкидлади ИИББ.

Тошкент шаҳри прокуратураси гумонланувчининг ўлими юзасидан суриштирув ишларини бошлади. Ўлим сабабларини аниқлаш учун судга оид тиббий экспертиза тайинланган.

Марҳум ва бошқалар нимада гумон қилинмоқда?

Тошкент шаҳри ҳудудида ўта оғир жиноятлар содир этган уюшган жиноий гуруҳнинг жиноий фаолиятини фош этиш юзасидан тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилмоқда, деб хабар берди ИИББ. Ҳаракатлар ЖКнинг 137-моддаси 2-қисми «в» банди (Бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб одам ўғирлаш), 165-моддаси 3-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда товламачилик) ва 277-моддаси 2-қисми «б» банди (Бир гуруҳ шахслар томонидан безорилик) билан қўзғатилган жиноят иши доирасида олиб борилмоқда.

Хабарда айтилишича, 29 июль куни соат 22:00 атрофида Тошкент шаҳридаги «Биродарлар қабристони» хиёбони ёнида 7−8 кишидан иборат ушбу гуруҳ М.Р.ни уриб, мажбуран машинага ўтқазиб, номаълум манзилга олиб бориб, ушлаб турган. Унга нисбатан куч ишлатган ҳолда пул талаб қилган. Шунингдек, Туркияда бўлган номаълум шахслардан 860 минг доллар қарз олгани ҳақида мажбурлаб тилхат ёздириб олган", — дейилади ИИББ хабарида.

Тергов давомида маълум бўлишича, июнь ойида худди шу гуруҳ аъзолари Туркияда номаълум манзилда тадбиркор М.Р.ни икки кун давомида ушлаб турган. Айтилишича, улар бу шахсга босим ўтказиб, унинг ота-онасига тегишли Қибрай туманидаги 300 минг долларлик иккита уйни гуруҳ аъзолари номига расмийлаштириб олишга эришган.

Жиноий гуруҳнинг тажовуз ва тазйиқларидан қўрқиб, М.Р. содир бўлаётган воқеани ҳуқуқ-тартибот идораларига ҳам, тиббиёт муассасаларига ҳам билдирмаган, дейилади хабарда. 31 июль куни соғлиғи ёмонлашгани сабабли бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, ўнг яноқ суяги синиши, танасида кўплаб шилинган жароҳатлари ташхиси билан касалхонага ётқизилган.

Ички ишлар бош бошқармаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида жиноий гуруҳга алоқадорликда гумон қилинган икки нафар шахс — марҳум У.Д. (1990 йилда туғилган, муқаддам ЖКнинг 164-моддаси (Босқинчилик) ва 166-моддаси (Талончилик) бўйича судланган) ва 1991 йилда туғилган Ф.Х. (муқаддам 168-модда (Фирибгарлик) ва 176-модда (Қалбаки пул ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан судланган) қўлга олинган.

Ҳозирда жиноий гуруҳнинг қолган аъзоларини аниқлаш ва ушлаш чоралари кўрилмоқда, дейилади хабарда.