Фарғонада оҳак ишлаб чиқариш цехида табиий газдан ноқонуний фойдаланилиши натижасида тизимга 1 млрд сўмликдан зиёд зарар кетирилгани аниқланди, дея хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Ўтказилган назорат тадбирларида Данғара туманида истиқомат қилувчи фуқаро Т.А. томонидан табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати ўрганилган. Фуқаро ўзига қарашли оҳак ишлаб чиқариш цехининг 1 дона оҳак хумдонида 18 та ностандарт газ ёндиргичлар орқали ўша ҳудуддан ўтувчи ер ости газ қувурига уланиб, табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келган.

Бунинг оқибатида давлат манфаатларига етказилган умумий зарар миқдори 1 млрд 54 млн сўмликни ташкил қилган. Қоидабузар истеъмолчига нисбатан белгиланган тартибда чора кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинган.

Аввалроқ Самарқандда ҳам оҳак ишлаб чиқарувчи цех мансабдорлари 4,3 млрд сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдалангани хабар қилинганди. Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, биргина июль ойида 28,2 млрд сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Бундай ҳолатларнинг энг кўпи Андижон, Самарқанд, Навоий ва Тошкент вилоятларига тўғри келган.