Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида ўтказилган назорат тадбирида 4,3 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланган цех аниқланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.

Туманнинг «Камолот» маҳалласида фаолият юритувчи «D.G'.S» МЧЖ мансабдорлари ва бошқалар «Пастдарғомтумангаз» газ таъминоти бўлимининг рухсатисиз, шартнома тузмасдан тижорат мақсадида оҳак ишлаб чиқариш цехини ташкил қилган. Ўзбошимчалик билан табиий газ тармоғига уланиб олиб, ноқонуний равишда фойдаланиб келган.

Бу орқали цех давлатга 4,3 млрд сўм зарар етказган. Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатларига киришилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда июль ойида 28,2 млрд сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланилгани маълум бўлганди. Бундай ҳолатларнинг энг кўпи Андижон, Самарқанд, Навоий ва Тошкент вилоятларига тўғри келган.