Зўравонликка қарши курашувчи Nemolchi.uz лойиҳаси 3−5-синф ўқувчиларини ахлоқсиз ҳаракатлар қилишга мажбурлагани учун педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан 2 йилга озодликдан маҳрум этилган Тошкентдаги 158-мактаб психологи Азад Гасанов (1963 йилда туғилган) муддатидан олдин озодликка чиққани ва яна ўқитувчилик фаолиятига қайтгани ҳақида хабар берди. «Газета.uz» Олий суд сайти орқали суд қарори билан танишди.

Психологнинг ўқувчи қизларга тегажоғлик қилгани ўтган йилнинг апрель ойида маълум бўлганди. Ота-оналар мактаб раҳбарияти ошкораликка йўл қўймасликка ҳаракат қилгани ва қизларни икки нафар катта ёшли эркак гинеколог тиббий текширувдан ўтказгани улар руҳиятига янада кўпроқ салбий таъсир кўрсатганини айтганди.

Мактаб психологи ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ушланиб, руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. 19 август куни жиноят ишлари бўйича Миробод судининг ҳукми билан Гасановга Жиноят кодексининг 129-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) 1-қисми билан 2 йил муддатга педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

28 октябрда жиноят ишлари бўйича Оҳангарон шаҳри суди ҳукм чиқарилгандан атиги 3 ой ўтиб, Гасанов томонидан ўталмаган (1 йил 5 ой 28 кун) озодликдан маҳрум қилиш жазосини ахлоқ тузатиш ишларига ўзгартирган.

2023 йилнинг 26 май куни жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди Гасановни пенсия ёшига етгани сабабли 1 йил 10 кунлик ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан озод қилган.

18 июль ҳолатига кўра, Гасанов томонидан ўталмаган ягона жазо бу 1 йил 3 ой 10 кун муддатга педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши эди. Бироқ Азад Гасанов судга уни шартли равишда озод қилиш ва ушбу жазодан озод қилиш илтимоси билан мурожаат қилган.

4 август куни Мирзо Улуғбек суди судяси Б.Қаюмов туман прокурори катта ёрдамчиси Ф.Юнусов иштирокида аризани ўрганиб чиққан. Судья катта прокурор ёрдамчиси ва Азад Гасановнинг фикрини тинглаб, Гасановнинг аризасини Жиноят кодексининг 73-моддаси (эски таҳрирда) ва Жиноят-процессуал кодексининг 541−542-моддалари билан асосли дея ҳисоблаган ва аризани қаноатлантирган.

У 1 йил 3 ой 10 кун муддатга педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги кейинги жазодан шартли равишда озод қилинган.

«Бошқача айтганда, эндиликда Гасанов мактабларда ва хусусий таълим муассасаларида болалар билан ишлашни давом эттириши мумкин», — дея хулоса қилади Nemolchi.uz.

12 август куни Тошкент шаҳри мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг хабар беришича, 2022 йил 7 апрелда Азад Гасанов Меҳнат кодексининг 100-моддаси 4-қисми 2-банди билан Миробод туманидаги 158-сонли мактаб психологи вазифасидан озод этилган ва у ҳозирда пойтахтдаги умумтаълим муассасаларида фаолият кўрсатмаяпти.