11 август куни Баҳодир Раҳматуллаевич Холиқов Риштон туманига, Шукуруллохон Холматхонович Нисбатхонов эса Марғилон шаҳрига ҳоким этиб тайинланди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Халқ депутатлари Риштон тумани кенгашининг вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирокида бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессиясида вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлаб келган Баҳодир Холиқовни ҳоким этиб тайинлаш тўғрисидаги вилоят ҳокими қарори депутатлар томонидан маъқулланган.

2019 йилдан бери туман ҳокими бўлиб ишлаб келган Суфҳонжон Солиев Шавкат Мирзиёевнинг 27−28 июль кунлари вилоятга ташрифи чоғида ҳудудида ишларни лозим даражада ташкил этмагани учун лавозимидан озод қилинганди.

Баҳодир Холиқов 1972 йилда Риштон туманида туғилган. Тошкент давлат иқтисодиёт университетини иқтисодий кибернетика йўналишида тамомлаган.

Узоқ йиллар давомида солиқ тизимида турли лавозимларда ишлаган, Марғилон, Қувасой ва Фарғона шаҳарлари Давлат солиқ инспекциялари бошлиғи бўлган. Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бош бошқармаси Фарғона вилояти бўлимига раҳбарлик қилган. 2019−2020 йилларда Қувасой шаҳри ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — шаҳар иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи, 2020−2021 йилларда вилоят Бандлик бош бошқармаси бошлиғи бўлиб фаолият олиб борган.

2021−2022 йилларда Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари — маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи, 2022−2023 йилларда вилоят маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи лавозимларида фаолият олиб борган.

Шунингдек, тайинлов Марғилон шаҳрида ҳам амалга оширилди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров томонидан тақдим этилган Шукуруллохон Нисбатхонов номзоди Марғилон шаҳри депутатлари томонидан қўллаб-қувватланди ва 2022 йил апрель ойидан бери Қашқадарё вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаб келган Нисбатхонов шаҳар ҳокими этиб тасдиқланди.

2020 йилдан бери шаҳар ҳокими бўлиб ишлаб келган Адҳам Зиявитдинов ҳам Риштон ҳокими билан бир пайтда ишдан олинганди. «Газета.uz» президент ишдан олганини айтгандан бир кун ўтиб унинг ўз ёрдамчиси ва котибини рағбатлантириш бўйича фармойиш чиқарганига эътибор қаратган. E-qaror.gov.uz порталига жойлаштирилиб, сўнгра яшириб қўйилган фармойишни вилоят прокуратураси ўрганаётганди.

Тайинлов пайтида Марғилоннинг таълим соҳасида республика бўйича энг паст натижалардан бирига эга экани, шаҳарда бор-йўғи бир дона кутубхона мавжудлиги қайд этилди.

Хайрулло Бозоров Марғилонда янги иш ўринлари яратиб, хорижда юрган марғилонликларнинг қайтиши ва муносиб меҳнат қилишлари учун шароит яратиш, тадбиркорлар учун ишонч муҳитини шакллантириш, хорижий инвестициялар ҳажмини ошириш, саноатни ривожлантириш, ҳунармандчилик ва туризмни янги босқичга олиб чиқиш — Марғилонда кескин ижобий ўзгаришлар қилиш бўйича янги ҳокимга топшириқ берди.

Шукуруллохон Нисбатхонов 1969 йилда Қўштепа туманида туғилган. Андижон иқтисодиёт ва бошқарув институтини иқтисодчи мутахассислиги билан тамомлаган.

2000 йилгача Ёзёвон тумани давлат солиқ инспекциясида турли масъул вазифаларда ишлаган. 2000−2010 йилларда Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармасида сектор бошлиғи, бўлим бошлиғи ўринбосари ва бўлим бошлиғи лавозимларида фаолият олиб борган. 2010−2014 йилларда Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари бўлган.

2014−2019 йилларда Қўштепа ва Фарғона шаҳри давлат солиқ инспекцияларида, Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармасида раҳбарлик лавозимларида ишлаган. 2019−2020 йилларда Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари, 2020−2022 йилларда Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи бўлган.