Шахматчи Жавоҳир Синдаров Жаҳон кубогининг 1/16 финалида мағлуб бўлиб, 29 июлдан 25 августга қадар Боку (Озарбайжон) шаҳрида бўлиб ўтаётган турнирни тарк этди. Шу тариқа терма жамоанинг барча, яъни 5 нафар вакили турнирдаги иштирокини якунлади.

17 ёшли Жавоҳир Синдаров (2659) аввалги турда ФИДE жаҳон рейтингида 17-ўринни эгаллаб турган франциялик 32 ёшли гроссмейстер Максим Вашье-Лагравни (2739) сенсацион тарзда мағлуб этганди.

1/16 финалда унга ҳиндистонлик 19 ёшли Аржун Эригайси (2710) рақиблик қилди. Биринчи ўйин дуранг билан якунланган. Иккинчи ўйинда эса Синдаров мағлуб бўлди.

шахмат, жавоҳир синдаров

Аржун Эригайси ва Жавоҳир Синдаров. Фото: Мария Емельянова / Chess.com.

Синдаров 2021 йилги Жаҳон кубогида ҳам 1/16 финалда турнирни тарк этганди.

Эслатиб ўтамиз, турнир фаворити саналган Ўзбекистон терма жамоаси етакчиси, 18 ёшли Нодирбек Абдусатторов (2725) мусобақада туркиялик 25 ёшли гроссмейстер Санал Вахаповга (2585) имкониятни бой бериб, турнирни тарк этганди.

Биз аввалроқ кубок ва ўзбекистонликларнинг имкониятлари ҳақида батафсил ёзгандик (рус тилида).