Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги икки блогерни қидирувга берди. Уларнинг исм-шарифлари Ички ишлар вазирлиги сайтининг тегишли бўлимида эълон қилинган.
Биринчиси, Sanjar Xo’ja тахаллуси билан танилган Санжар Икромов (1988 йилда туғилган, YouTube`да 200 мингдан ортиқ, Telegram`да 18,3 минг, Facebook`да 29 минг обуначиси бор). У сиёсат, иқтисод ва психология мавзуларида ёзади ва гапиради. Ҳозирда Туркияда яшайди.
Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдордаги фирибгарлик / БҲМнинг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) бўйича айблов эълон қилинган.
Иккинчи қидирувдаги блогер — Шерали Комилов (1979 йил), Detektiv Uz YouTube-канали муаллифи (17,8 минг обуначи, Facebook`да — 8140). У асосан ижтимоий мавзуларни кўтариб чиқади. Унинг кўплаб постларида диний блогер Аброр Абдуазимов (Аброр Мухтор Алий) танқид қилинади.
Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.
Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-модда 3-қисми «б» банди (фирибгарлик ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, — БҲМнинг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) ҳамда 140-моддаси 3-қисмининг «а» банди (ҳақорат қилиш жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда / БҲМнинг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади) бўйича айблов эълон қилинган.