«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти 2022 йилда энг кўп зарар кўрган давлат улушдорлигидаги корхона бўлгани ҳақида ёзгандик. Компания бунга изоҳ бериб, йил 4,34 трлн сўм зарар билан якунлагани хусусидаги ахборот тўғри эканини ва бунинг ўзига хос сабаблари мавжудлигини маълум қилди.

Унга кўра, акциядорлик жамиятининг молиявий фаолияти бўйича асосий даромади электр энергиясининг ягона хариди ва сотишидан шаклланади. Компания зарар кўришига асосий сабаб электр энергиясини қиммат харид қилиб, арзон сотгани ҳисобланади.

Тармоқ ички тарифларига асосан (бу тарифлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссиясининг 7-, 10- ва 12-сонли баёнлари билан тасдиқланган) электр энергиясини сотиб олиш (ўртача 388,1 сўм) ва сотиш (ўртача 348,8 сўм) нархлари орасидаги салбий фарқ мавжуд. Бу салбий фарқ натижасида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» ҳар бир кВт соат энергияни 39,3 сўм зарар эвазига ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига етказиб берган.

Корхонанинг жорий йил учун тасдиқланган Бизнес режасида компания 2023 йилдан ҳам зарар билан чиқиши назарда тутилган.

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» 2023 йил биринчи чорагида ишлаб чиқарувчи корхоналардан жами 18,6 млрд кВт соат электр энергиясини қўшилган қиймат солиғи билан ўртача 426,2 сўмдан харид қилиб, ҳудудий электр тармоқ корхоналарига 18,8 млрд кВт соат ҳажмда ўртача 405,4 сўмдан сотган, яъни ҳар бир кВт соатдан 20,8 сўмдан зарар кўрган.

Эслатиб ўтамиз, компания 2021 йилдан ҳам зарар билан чиққанди.