2023 йилнинг 8 август кунидан бошлаб 71, 74, 97, 114, 121, 124, 126, 148-сонли автобус йўналишларида хизмат кўрсатиш янги турдаги брутто-шартнома асосида амалга оширилади. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» маълум қилди.

Брутто-шартномалар йўловчи ташишни ташкил этиш модели бўлиб, унда барча тушумлар шаҳар бюджетининг махсус ҳисобрақамига ўтказилади ва шаҳар маъмурияти ташувчига йўналишлар бўйича ташувларни амалга оширгани учун бажарилган ишлар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда уларнинг сифатини назорат қилиш шарти билан ҳақ тўлайди. Бу ҳақда «Газета.uz» батафсил ёзганди.

«Тошшаҳартрансхизмат» август ойида барча автобус йўналишларида (160 дан ортиқ) кунлик нақд пул топшириш режаси бекор қилинишини маълум қилган.

Брутто-шартномаларга ўтиш Ўзбекистон президентининг февралдаги жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш тўғрисидаги қарорига мувофиқ жорий этилмоқда.