20 августдан бошлаб Бишкекдаги автобус ва троллейбусларда фақат нақд пулсиз ҳисоб-китоблар амалга оширилади. Бу ҳақда Қирғизистон пойтахти мэрияси эълон қилди.

Йўловчилар транспорт карталари, контактсиз тўлов функциясига эга бўлган барча маҳаллий банкларнинг карталари ва виртуал NFC картаси каби бир неча усулда йўл ҳақини тўлашлари мумкин бўлади.

Бу сўнгги уч йил ичида Бишкек мэриясининг шаҳар жамоат транспортини тўлиқ нақд пулсиз тўловга ўтказиш бўйича учинчи уринишдир. Охирги марта бундай ўтиш ўтган ёзда режалаштирилган эди, аммо у шаҳарликлар илтимосига кўра қолдирилганди.

Бишкек жамоат транспортида «Тулпар» электрон чипталар тизими 2020 йилнинг март ойида жорий қилинган. Лойиҳа Швейцариянинг BPC AG компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилди ва расмийлар томонидан эълон қилинган тендерда ғолиб чиқди.

Бишкек автобус-троллейбусларини электрон чипталарга ўтказиш тўғрисидаги қарор 2018 йилда рақамлаштириш ва шаҳар жамоат транспортини «такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар» доирасида эълон қилинган эди.

Ўшанда пойтахт мэрияси нақд пулда йўл кира тўлаш «транспорт ҳаракатини кечиктириши» ва «даромаднинг катта қисми кассага тушмаслиги»га сабаб бўлишини таъкидлаган эди. Расмийларнинг қайд этишича, электрон чипталар тўлов тизимини шаффофлаштиради ва бюджет даромадларини оширади.