Дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Венгрия мезбонлик қилаётган Masters турниридаги иштирокини якунлади. Унда 23 ёшли Музаффарбек Тўрабоев -100 кг вазн тоифасида ғалаба қозонди, деб хабар бермоқда Миллий олимпия қўмитаси ахборот хизмати.

Мусобақани 2 карра Олимпиада ва Жаҳон чемпиони Лукаш Крпалек устидан қозонилган ғалаба билан бошлаган Тўрабоев чемпионлик йўлида Шейди Элнахас (Канада), Михаэль Коррел (Нидерландия), Боян Досен (Сербия) ва Петер Пальчик (Исроил) каби спортчиларни енгди.

Шунингдек, -90 кг вазн тоифасида иштирок этган Давлат Бобонов бронза медалига сазовор бўлди. Ушбу муваффақият эвазига Тўрабоев 1800, Бобонов 900 рейтинг очкосига эга бўлмоқда.

Эътиборли жиҳати, йилда бир бора ўтказиладиган Masters мусобақасида Ўзбекистондан сўнгги бор Ришод Собиров 2011 йил ғалаба қозонган. Тўрабоевнинг олтини ўзбек дзюдоси учун 12 йил кутилган медаль бўлди.

Шу тариқа Ўзбекистон терма жамоаси бу йилги турнирни 1 та олтин ва 2 та бронза медаллари билан якунламоқда. Мусобақанинг биринчи кунида Диёра Келдиёрова -52 кг вазн тоифасида шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олган эди.