Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг йиғилишида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов «Яшил макон» лойиҳаси доирасида экилиши керак бўлган 2 миллиондан ортиқ кўчат экилди деб ҳисоботга қўшиб ёзилгани, суғориш тизимлари мавжуд бўлмаган ҳудудларга 7,3 миллион туп кўчат экилишига йўл қўйилган ва бошқа камчиликлар юзасидан қилган маъруза қилганди.

Бош прокуратура маърузада келтирилган камчиликлар прокуратура томонидан алоҳида назоратга олинганини маълум қилди.

«Мазкур ялпи мажлисда Бош прокуратуранинг Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи Ўктам Ўтаев иштирок этиб, маърузада келтирилган камчиликлар Бош прокуратура томонидан алоҳида назоратга олинган», — дейилади прокуратура хабарида.

Бош прокуратура ва вазирлик мутахассисларидан иборат тузилган ишчи гуруҳ ҳолатга қонуний баҳо бериш ва айбдор шахсларга нисбатан тегишли чора кўриш юзасидан ўрганиш ишларини бошлади.