Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Негматова Шаҳзода Шуҳратовна Ўзбекистон-Финляндия педагогика институтининг ректори этиб тайинланди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар қилди.

Шаҳзода Негматова 1983 йил Самарқанд вилоятида туғилган. У 2005 йилда Самарқанд давлат университети (бакалавр), 2012 йилда ушбу университетнинг магистратурасини тамомлаган. Мутахассислиги сиёсат фалсафаси. Фалсафа фанлари доктори, профессор.

Меҳнат фаолиятини 2007−2022 йиллар давомида Самарқанд давлат университети аспиранти, ассистенти, катта илмий ходим-изланувчиси, кафедра мудири, доцент, профессор, факультет декани лавозимларида фаолият юритиб, етарли тажриба орттирган.

Шаҳзода Негматова 2 та дарслик, 4 та ўқув, 3 та услубий қўлланма, 2 та монография, 100 дан ортиқ илмий мақола муаллифи ҳисобланади.

Тайинловга қадар Самарқанд давлат университети Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори лавозимида фаолият юритган.

Ўзбекистон-Финляндия педагогика институти 2021 йил 29 июнь куни ташкил этилган. Институтда ўқув жараёни Финляндия таълим дастурлари ва технологиялари асосида ташкил этилади.