Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент шаҳридаги туғуруқхонада эгизак чақалоқлар вафоти юзасидан расмий муносабат эълон қилди.

Қайд этилишича, бемор Д.Ш. эгизак ҳомиладорликнинг оғир асоратли кечиши туфайли пойтахтдаги 6-сонли туғуруқ комплексига 2023 йил уч маротаба (4−11 апрель, 29 май-5 июнь ва 13−17 июнь кунлари) ётқизилган ва ҳомиланинг сурункали тушиш хавфи билан даволанган.

Аёлда ҳомилани сақлаш бўйича олиб борилган стационар ва амбулатор муолажаларга қарамай, 2023 йил 22 июнь куни тўртинчи маротаба тез тиббий ёрдам хизмати автомашинаси орқали ушбу туғуруқ муассасасига шошилинч равишда олиб келинган. Унга «Ҳомиладолик-1. Эгизак. Эрта туғуруқнинг бошланиши. Ҳомила ички инфекцияси. Кам сувлик.» ташхиси қўйилган.

2023 йил 22 июнь куни соат 21:45 да аёлда эрта туғуруқ кузатилган. Асоратли туғуруқ белгилари билан оғир даражадаги чалалик, чуқур асфиксия, суст юрак уриши билан 660 гр., 33 см. узунликдаги қиз жинсли чақалоқ туғилган. Бироқ шифокорлар томонидан ўз вақтида олиб борилган юрак-ўпка реанимацияси муолажалари самара бермаган.

Иккинчи қиз жинсли ўлик чақалоқ 15 дақиқадан сўнг асоратли туғуруқ белгилари билан оғир даражадаги чалалик, ўлик ҳомиланинг бачадонда кўндаланг жойлашуви, 560 гр., 31 см. узунлик кўрсаткичлари билан туғилган. Шундан сўнг йўлдош гистология текширувига юборилган.

«Бемор Д.Ш.нинг қариндошлари томонидан ёзма равишда имзоланган тилхатда тиббиёт ходимларига эътирози йўқлиги ва патанатомик текширувга қаршилиги тўғрисидаги қатъий талаби туфайли ўта кам вазнли (660 ва 560 гр.) чақалоқларни патанатомик текширувдан ўтказиш имкони бўлмади. Аёл 2023-йил 23 июнь куни қониқарли аҳволда шифохонадан чиқарилган», — дейилади хабарда.

«Халқаро миқёсдаги илмий манбаларга кўра, 26 ҳафталик, ўта кам вазндаги чақалоқларнинг яшаб қолиш кўрсаткичи жуда паст ҳисобланади. Қолаверса, Бемор Д.Ш.да ҳомила ичи инфекцияси, эгизаклик ҳолати ва ҳомиланинг бачадонда кўндаланг жойлашуви иккала чақалоқдаги асоратларни янада чуқурлаштириб, яшаш имкониятидан бутунлай маҳрум қилган», — дея қайд этган вазирлик.