Telegram`да Марказий банк номидан сохта канал очиб, фуқароларни алдашга уриниш ҳолатлари кузатилмоқда, дея хабар берди регулятор матбуот хизмати.

Унга кўра, канал эгалари ўзларини Марказий банк ходими сифатида таништириб, аҳолига онлайн кредитлар таклиф этиш орқали банк карта маълумотларига эга бўлиш ва кейинчалик маблағларни ўзлаштиришга ҳаракат қилаётганлиги аниқланган.

«Марказий банк тижорат фаолияти билан шуғулланмайди, шу жумладан, жисмоний шахсларга кредит ажратмайди ёки молиявий ёрдам кўрсатмайди. Марказий банк номидан ҳар қандай кўринишдаги кредит, молиявий ёрдам ёки бошқа турдаги банк хизматини таклиф этиш сохталик ва фирибгарликнинг асосий белгиси ҳисобланади», — дейилади хабарда.

Маълумот ўрнида, Марказий банкнинг ягона расмий Telegram канали ушбу ҳаволада келтирилган.

Регулятор, шунингдек, банк карта маълумотлари ва айниқса, тижорат банкларининг уяли телефонга юбориладиган СМС хабарини бегона шахсларга ошкор қилиш фирибгарларга масофадан туриб картадаги маблағларни ўзлаштириш учун шароит яратиши тўғрисида огоҳлантирган ва фирибгарлик ёки сохта каналлар фаолияти бўйича хабар топганда, Марказий банкка ишонч ва алоқа телефонлари (71−200−00−44, 71−212−62−05) орқали билдиришни сўраган.