Тамаки ҳар йили 8 миллиондан ортиқ инсоннинг ҳаётига зомин бўлади. Чекмайдиганларга қараганда чекувчиларда COVID-19нинг оғирроқ кечиш хавфи юқори эканлиги ҳақида далиллар пайдо бўлгандан сўнг, миллионлаб одамлар чекишни ташлашга қарор қилишди.

«Тамакидан воз кечишнинг афзалликлари деярли дарҳол сезилади. Чекишни тўхтатгандан кейин 20 дақиқа ўтгач, юрак қисқариши частотаси пасаяди. 12 соат ичида қондаги углерод монооксиди даражаси нормагача пасаяди. 2−12 ҳафта ичида қон айланиши яхшиланади ва ўпканинг фаолияти нормаллашади», — дейилади Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти сайтида.

«1−9 ой ичида йўтал ва нафас қисилиши камаяди. 5−15 йил ичида инсульт хавфи чекмайдиган одамдаги хавф даражасигача камаяди. 10 йил ичида ўпка саратонидан ўлиш хавфи чекувчиларга қараганда икки мартага камаяди. 15 йил ичида юрак-қон томир касалликлари билан касалланиш хавфи чекмайдиган одамдаги хавф даражасигача камаяди. Агар булар етарли бўлмаса, мана яна бир нечта сабаблар!», — дея сабабларни келтиради ЖССТ.


Чекишни ташлаш учун 100 дан ортиқ сабаблар

1. Чекувчиларда COVID-19 хасталигининг оғир кечиши ва унинг натижасида ўлим ҳолатлари хавфи юқорироқ.

Тамаки ташқи кўринишингизга салбий таъсир қилади

2. Ҳамма нарса — терингиз, кийимингиз, бармоқларингиз ва нафасингиз, бутун уйингиз ёқимсиз ҳид билан тўйинади.

3. Тамаки тишларнинг сарғайишини ва милкларда тош ҳосил бўлишини келтириб чиқаради.

4. Тамаки чекиш ва тутунсиз тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш оғиздан ёмон ҳид келишига сабаб бўлади.

5. Тамаки ажинлар пайдо бўлишига олиб келади, натижада сиз ёшингизга нисбатан каттароқ кўринасиз. Чекиш терига эластиклик берадиган оқсилларнинг парчаланиши, қон айланишининг бузилиши, А витаминининг пасайишига олиб келади, бунинг натижасида тери эрта қаришни бошлайди.

6. Бу ажинлар лаблар ва кўзлар атрофида кўпроқ сезилади. Тамаки шунингдек терини қўпол ва қуруқ қилади.

7. Тамаки чекиш псориаз — юқумсиз тери касаллиги хавфини оширади, бунда бутун танада қичийдиган қизил доғлар пайдо бўлади.

Чекиш нафақат сизнинг соғлиғингизга, балки дўстларингиз ва оила аъзоларингиз соғлиғига ҳам зарар

8. Ҳар йили 1 миллиондан ортиқ одам пассив чекишдан (тамаки тутуни) вафот этади.

9. Тамаки таъсирида қолган чекмайдиган одамларда ўпка саратонига чалиниш хавфи юқорироқ.

10. Сигаретлар тасодифий ёнғинлар ва улар билан боғлиқ ўлимларнинг энг кўп тарқалган сабабларидан бири бўлиб қолмоқда.

11. Электрон сигареталар ҳам атрофдаги одамларни никотин ва бошқа зарарли кимёвий моддалар таъсири хавфига йўлиқтиради.

12. Пассив чекишда тамаки тутунидан таъсирланиш сил касаллигининг фаол кўринишига ўтиш хавфини ошириши мумкин.

13. 2-тоифа диабетга чалинган одамлар пассив чекишда тамаки тутуни таъсирига кўпроқ учрашади.

Болалар орасида чекиш ёки электрон сигаретдан фойдаланиш уларнинг саломатлиги ва хавфсизлигига таҳдиддир

14. Чекувчиларнинг фарзандларида кўпинча ўпка функцияси пасайган бўлади, бу натижада катта ёшда сурункали респиратор касалликларга олиб келади.

15. Электрон сигарет суюқлиги кўрсатадиган таъсир болалар учун жиддий хавф туғдиради. Қурилмалар оқиши ва болалар суюқликни ютиши хавфи мавжуд.

16. Электрон сигаретларнинг ёниши ва портлаши натижасида жароҳатланиш, жумладан куйиш ҳолатлари қайд этилган.

17. Пассив чекишда тамаки тутунининг зарарли таъсирига дучор бўлган мактаб ёшидаги болаларда нафас йўлларининг яллиғланиши оқибатида астма ривожланиши хавфи юқори.

18. Пассив чекишда уйда тамаки тутуни таъсиридаги 2 ёшгача бўлган болаларда ўрта қулоқнинг яллиғланиши ривожланиши мумкин, натижада эшитиш қобилияти пасаяди ва карлик пайдо бўлади.

19. Чекишдан воз кечиш болалардаги пассив чекиш билан боғлиқ кўплаб касалликлар, масалан, респиратор касалликлар (астма) ва отит хавфини камайтиради.

Тамаки чекиш салбий ижтимоий оқибатларга олиб келади

20. Сиз фарзандларингиз, дўстларингиз ва яқинларингиз учун яхши намуна бўлишни истайсиз.

21. Тамаки чекиш ўзаро ижтимоий алоқалар ва муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

22. Чекишдан воз кечиш киши учун ҳеч қандай чекловлар бўлмаслигини англатади — сизда чекиш учун четга ўтиш ёки ташқарига чиқиш зарурати бўлмайди, ва жамоат жойларида эркин бўлишингиз мумкин.

23. Чекишдан воз кечиш меҳнат самарадорлигингизни ошириши мумкин — чекиш учун ишдан чалғишингиз шарт бўлмай қолади.

Чекиш молиявий харажатларга ҳам сабаб бўлади — сиз бу пулларни муҳимроқ нарсаларга сарфлашингиз мумкин эди

24. Бир тадқиқот шуни кўрсатдики, чекувчилар ўртача 1,4 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфлайдилар, бунга сигарет сотиб олиш, тиббий хизмат ва дори-дармонларга харажатлар ва чекиш/пассив чекиш билан боғлиқ иш ҳақининг пастлиги киради.

25. Тамаки чекиш ходимларнинг соғлиғи ва меҳнат самарадорлигига таъсир қилади, ишдан қолиш эҳтимолини оширади.

26. Тамаки чекиш камбағалликка олиб келиши ҳам мумкин, чунки уй хўжаликлари озиқ-овқат ва уй-жой каби асосий эҳтиёжларни қондириш ўрнига тамакига пул сарфлашлари керак бўлади.

27. Тамаки чекиш тамаки билан боғлиқ касалликларни даволаш ҳамда касаллик ва ўлим туфайли меҳнат ресурсларини йўқотиш кўринишида жаҳон иқтисодиётига соғлиқни сақлаш харажатлари учун 1,4 трлн АҚШ долларига тенг қўшимча юкламани келтириб чиқаради.

Чекиш бепуштликка олиб келиши мумкин

28. Чекувчилар бошқаларга нисбатан кўпроқ бепуштликдан азият чекишади. Чекишни ташлаш ҳомиладорлик, муддатидан олдин туғилиш, кичик вазн билан туғилиш ва бола тушиши каби муаммолар билан боғлиқ хавф омилларидан бирининг йўқ қилинишини англатади.

29. Чекиш эректил дисфункцияни келтириб чиқариши мумкин. Чекиш жинсий олатда қон айланишини чеклайди, бу эса эрекцияга халақит беради. Эректил дисфункция чекувчилар орасида кўпроқ учрайди ва агар эркак ёшлигида чекишни ташламаса, бу муаммо давом этиши ёки доимий бўлиб қолиши мумкин.

30. Чекиш эркаклардаги сперматозоит сонига, ҳаракатчанлигига ва шаклига ҳам салбий таъсир қилади.

Тамаки маҳсулотларининг барчаси ўлим хавфини келтириб чиқаради

31. Ҳар йили тамаки истеъмолидан 8 миллиондан ортиқ одам вафот этади.

32. Тамаки ўз истеъмолчиларининг ярмини ўлдиради. Ҳар қандай тамаки маҳсулотидан фойдаланиш соғлиғингизни ёмонлаштиради ва жиддий касалликларга олиб келади.

33. Чилим чекиш ҳам тамаки чекишнинг бошқа усуллари сингари зарарли ҳисобланади.

34. Чайналадиган тамаки оғиз саратонига, тишларнинг тушишига, тиш эмалининг қорайишига, тиш милкидаги оқ доғларга ва пародонтитга олиб келиши мумкин.

35. Тутунсиз тамаки маҳсулотларини чекишда улар таркибидаги никотин сигарет чекишга қараганда тезроқ сўрилади, бу эса тамакига кўникишни тезлаштиради.

Тамаки сотиб олиб, сиз фермерлар ва болаларни эксплуатация қиладиган ва касаллик ҳамда ўлимнинг кўпайишига ҳисса қўшадиган саноатни молиявий қўллаб-қувватлайсиз

36. Тамаки етиштирувчи фермерлар кўпинча терига сингиб кетадиган никотин, шунингдек, пестицидлар ва тамаки чанглари таъсирида турли касалликларга дуч келишади.

37. Баъзи мамлакатларда тамаки етиштириш билан болалар шуғулланишади, бу нафақат уларнинг соғлиғига, балки мактабга қатнаш имкониятига ҳам таъсир қилади.

38. Тамаки чекиш камбағаллик муаммосини чуқурлаштириши мумкин, чунки тамаки истеъмолчиларида саратон ва у билан боғлиқ эрта ўлим, юрак хуружи, нафас олиш йўллари ва бошқа касалликларга йўлиқиш хавфи юқорироқ бўлади, бунинг оқибатида улар оилаларини керакли даромаддан маҳрум қилишади ва тиббий хизмат харажатлари учун қўшимча маблағ талаб қилишади.

39. Йирик тамаки компаниялари катта фойда олиб турган бир пайтда тамаки секторида ишдайдиган одамларнинг катта қисми умуман жуда кам даромад оладилар.

Иситиладиган тамаки маҳсулотлари соғлиқ учун зарарли

40. Иситиладиган тамаки маҳсулотлари (ИТМ) истеъмолчиларни токсик чиқиндилар таъсирида қолдиради, уларнинг аксарияти саратон касаллигини келтириб чиқариши мумкин.

41. Иситиладиган тамаки маҳсулотлари ўз-ўзидан тамаки маҳсулоти ҳисобланади, шунинг учун анъанавий тамаки маҳсулотларидан ИТМга ўтиш чекишни ташлашни англатмайди.

42. Иситиладиган тамаки маҳсулотларининг одатдаги сигареталарга қараганда зарари камроқ эканлиги ҳақидаги даъволарни тасдиқловчи далиллар етарли эмас.

Электрон сигареталар соғлиқ учун зарарли ва улар хавфсиз эмас

43. Электрон сигаретадан фойдаланадиган болалар ва ўспиринларнинг катталик даврида чекиш эҳтимоли камида икки баравар юқорироқ.

44. Электрон сигаретдан фойдаланиш юрак-қон томир ва ўпка касалликлари хавфини оширади.

45. Электрон сигареталар таркибидаги никотин кучли кўникишни келтириб чиқаради ва болаларнинг ривожланаётган миясига зарар етказиши мумкин.

Тамаки истеъмоли, айниқса чекиш, кўкракни тўлдириб нафас олишимизга халақит беради

46. Тамаки истеъмол қилиш дунё бўйлаб саратон касаллигидан ўлим ҳолатларининг 25%нинг сабабчисидир.

47. Чекувчиларда умри давомида ўпка саратонига чалиниш эҳтимоли чекмайдиганларга нисбатан 22 баравар кўп. Тамаки чекиш ўпка саратонининг ва дунё бўйлаб ўпка саратонидан ўлимнинг учдан икки қисмининг асосий сабабидир.

48. Тамаки чекувчиларнинг ҳар бешинчисида ҳаёти давомида сурункали обструктив ўпка касаллиги ривожланади, айниқса чекишни болалик ва ўспиринлик даврида бошлаганларда, чунки тамаки тутуни ўпканинг ўсиши ва ривожланишини сезиларли даражада секинлаштиради.

49. Чекиш фаолликни чеклаш, ногиронлик ва тез ёрдам талаб қилувчи оғир астма хуружлари хавфини ошириш орқали катта ёшдагиларда астмани кучайтириши мумкин.

50. Тамаки чекиш сил касаллигини яширин кўринишдан фаол кўринишга ўтиш хавфини икки баробардан кўпроқ оширади ва касалликнинг табиий кечишини ёмонлаштиради. Дунё аҳолисининг тахминан чорак қисми яширин сил касаллигидан азият чекади.

Тамаки юракка зомин бўлади

51. Кунига атиги бир нечта сигарет чекиш, эпизодик ёки пассив чекиш юрак-қон томир касалликлари хавфини оширади.

52. Чекувчиларда инсульт хавфи икки баравар, юрак-қон томир касалликлари хавфи эса тўрт баравар юқори.

53. Тамаки тутуни юрак артерияларига шикаст етказади, бляшка ва тромбларни келтириб чиқаради, оқибатда, қон оқимини чеклайди ва юрак хуружлари ва инсультга олиб келади.

54. Никотин ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш юрак-қон томир касалликлари хавфини оширади.

Тамаки 20 дан ортиқ саратон турларини келтириб чиқаради

55. Тамаки чекиш ва тутунсиз тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш оғиз, лаблар, томоқ (томоқ ва ҳалқум) ва қизилўнгач саратонига сабаб бўлади.

56. Саратон ҳалқумини жарроҳлик йўли билан олиб ташлаш натижасида трахеостомия — бўйин ва трахеяда беморнинг нафас олишига имкон берадиган тешик очиш зарурати пайдо бўлиши мумкин.

57. Чекувчиларда ўткир миелоид лейкемия, бурунолди бўшлиғи саратони, колоректал саратон, буйрак, жигар, ошқозон ости бези, ошқозон, тухумдон ва пастки сийдик йўллари (сийдик пуфаги ва буйрак тос суяги) саратонига чалиниш хавфи анча юқори бўлади.

58. Баъзи тадқиқотлар шунингдек, тамаки чекиш ва кўкрак саратони ўртасида боғлиқликни кўрсатган, айниқса, жуда кўп чекувчилар ва биринчи ҳомиладорликдан олдин чекишни бошлаган аёлларда касалликка чалиниш кузатилган.

59. Чекиш одам папилломавируси билан касалланган аёлларда бачадон бўйни саратони хавфини ошириши ҳам маълум.

Чекувчиларда кўриш ва эшитиш қобилиятини йўқотиш эҳтимоли кўпроқ

60. Чекиш, агар даволанмаса кўриш қобилиятининг буткул йўқолишига олиб келиши мумкин бўлган, кўплаб кўз касалликларини келтириб чиқаради.

61. Чекмайдиганларга қараганда чекувчиларда ёш макулодистрофиясининг ривожланиш эҳтимоли юқорироқ бўлади, бу эса кўришни буткул йўқотишга олиб келади.

62. Чекувчиларда катаракта ривожланиши хавфи ҳам юқори, кўз гавҳарларининг хиралашиши кўзнинг нур ўтказишига ҳалақит беради. Катаракта кўриш қобилиятининг ёмонлашишига олиб келади, бундай ҳолда кўришни тиклашнинг ягона йўли жарроҳлик аралашувидир.

63. Баъзи далиллар чекиш глаукомани — кўз ичи қон босими ошиб, кўриш қобилияти ёмонлашишини келтириб чиқариши мумкинлигини кўрсатади.

64. Катта ёшдаги чекувчилар кўпроқ эшитиш қобилиятини йўқотишдан азият чекишади.

Тамаки танадаги деярли ҳар бир органга зарар етказади

65. Бутун ҳаёти давомида тамаки чекувчилар ўртача 10 йилдан кам бўлмаган умрларини йўқотишади.

66. Ҳар бир сигарет тортилиши билан танага токсинлар ва канцероген моддалар киради. Камида 70 та кимёвий моддалар саратон касаллигини келтириб чиқаради.

67. Чекувчиларда диабет ривожланиш хавфи юқорироқ.

68. Чекиш деменция ривожланишининг хавфли омилидир, бу ақлий қобилиятнинг пасайиши ва мия фаолияти бузилиши билан намоён бўладиган касаллик.

69. Альцгеймер касаллиги деменциянинг энг кенг тарқалган шакли бўлиб, дунё бўйлаб Альцгеймер касаллигининг тахминан 14% чекиш билан боғлиқ бўлиши мумкин.

70. Чекувчи аёлларда оғриқли ҳайз даври ва менопаузанинг оғир белгилари кузатилади.

71. Чекувчи аёлларда менопауза 1−4 йил олдин содир бўлади, чунки чекиш тухумдонларда тухум пайдо бўлишига салбий таъсир қилади, бу эса репродуктив функциянинг йўқотилишига ва кейинчалик эстроген даражасининг пасайишига олиб келади.

72. Тамаки тутуни организм тўқималарининг кислород билан таъминланишини ёмонлаштиради.

73. Тамаки чекиш қон оқимини чеклайди, агар даволанмаса, гангренага (тана тўқималарининг ўлимига) ва зарарланган соҳаларни кесиб ташлаш заруратига олиб келиши мумкин.

74. Тамаки истеъмоли тиш милкига таъсир қилувчи сурункали яллиғланиш касаллиги бўлган пародонтоз хавфини оширади (зарарланган милк вақт ўтиши билан тиш бўйи бўйлаб чўкади) ва суяк тўқимасини йўқ қилади, бу эса тишларнинг тушишига олиб келади.

75. Чекувчиларда жарроҳлик амалиётидан кейинги асоратлар хавфи чекмайдиганларга нисбатан анча юқори.

76. Чекувчиларда сунъий вентиляциядан ажралиш жараёни қийинроқ кечади. Бу кўпинча реанимация бўлимида ва интенсив терапия бўлимида (ИТБ) ва умуман касалхонада кўпроқ қолишга сабаб бўлади, бу эса уларни бошқа инфекцияларни юқтириш хавфини туғдиради.

77. Чекувчиларда ошқозон-ичак тракти бузилишлари — ошқозон яраси, қорин оғриғи, доимий диарея, иситма ва ректал қон кетиш билан кечадиган ичак яллиғланиш касалликлари, шунингдек, ошқозон-ичак саратони каби касалликлар учраш эҳтимол кўпроқ бўлади.

78. Чекувчилар суяк зичлигининг пасайишига, суяк синишларига ва синган жойда суякнинг секин тикланиши ёки бирлашмаслиги каби жиддий асоратларга кўпроқ мойил.

79. Тамаки тутунининг таркибий қисмлари иммунитет тизимини заифлаштиради, чекаётган одамларда ўпка инфекциясини юқтириш хавфини туғдиради.

80. Аутоиммун касалликларга генетик мойиллиги бўлган чекувчиларда ревматоид артрит, Крон касаллиги, бактериал менингит, операциядан кейинги инфекциялар ва саратон каби касалликларнинг ривожланиш хавфи юқори.

81. Чекиш иммун тизими заифлашган одамларда, масалан, муковисцидоз, «рассеянный склероз» ёки саратон касаллиги билан хасталанганларда ҳамроҳ касалликлар ва бевақт ўлим хавфини оширади.

82. Тамакининг иммунитетга оғриқли таъсири ОИВ билан касалланган одамларда ОИТС ривожланиш хавфини оширади. ОИВ билан касалланган чекувчилар орасида умрнинг йўқотилган йиллари 12,3 йилни ташкил этади. Бу кўрсаткич ОИВ билан касалланган чекмайдиган шахсларникидан икки баравар кўпроқдир.

Тамаки ва никотин фарзандингизга зарар етказади

83. Ҳомиладорлик пайтида тамаки истеъмол қилиш ва тамаки тутунининг таъсири ҳомила ўлими хавфини оширади.

84. Ҳомиладорлик пайтида чекувчи ёки пассив чекиш сабабли тамаки тутуни таъсирида бўладиган аёлларда ҳомила тушиш хавфи анча юқори.

85. Шунингдек, тамаки тутунида ва тутунсиз тамаки маҳсулотларида мавжуд бўлган никотин ва углерод оксиди таъсирида юзага келган ҳомила гипоксияси ва плацент аномалиялари туфайли ўлик бола (она қорнида ҳомиланинг вафот этиши) туғилиши ҳолатлари ҳам тез-тез учрайди.

86. Чекувчиларда бачадондан ташқари ҳомиладорлик хавфи юқори, бу эса онанинг ўлимига олиб келиши мумкин.

87. Чекишдан воз кечиш ва тамаки тутуни таъсиридан қочиш айниқса ҳомиладор ёки ҳомиладор бўлишни режалаштираётган репродуктив ёшдаги аёллар учун муҳимдир.

88. Электрон сигаретадан фойдаланиш ҳомиладор аёллар учун катта хавф туғдиради, чунки у ривожланаётган ҳомилага зарар етказиши мумкин.

89. Ҳомиладорлик пайтида чекадиган, тутунсиз тамаки маҳсулотларидан фойдаланадиган ёки пассив чекишда тамаки тутуни таъсирида бўлган аёлларда муддатидан олдин туғиш ва кам вазнли болаларни дунёга келтириш хавфи юқори.

Тамаки атроф-муҳитни ифлослантиради

90. Тамаки чиқиндиларини тозалашни тамаки компанияларининг ўзи эмас, балки ҳукумат ва маҳаллий ҳокимият молиялаштиради. Атроф муҳитни муҳофаза қилиш учун чекишдан воз кечинг.

91. Сигарет қолдиқлари дунёдаги энг кўп ташланадиган чиқиндилар қаторига киради ва бутун дунё бўйлаб пляжларда ва сув қирғоғида йиғиладиган энг кўп учрайдиган чиқиндилардан ҳисобланади.

92. Сигарет қолдиқларида хавфли моддалар, шу жумладан маргимуш, қўрғошин, никотин ва формальдегид топилган. Ташланган сигарет қолдиқларидаги бу моддалар сувга ва тупроққа тушади.

93. Тамаки тутуни шаҳар ҳавосининг ифлосланиш даражасини ошириши мумкин.

94. Аксарият сигареталар гугурт ёки газли зажигалкалар билан ёндирилади. Масалан, битта ёки иккита сигаретани ёқиш учун битта ёғоч гугурт керак бўлса, дунё бўйлаб ҳар йили чекилган олти триллион сигаретни ёқиш учун кетадиган уч триллион гугуртни ишлаб чиқариш тўққиз миллионга яқин дарахтни йўқ қилишни талаб қилади.

95. Электрон сигареталар ва иситиладиган тамаки маҳсулотларида махсус йўқ қилишни талаб қилувчи батареялар, шунингдек кимёвий моддалар, қадоқлар ва бошқа биологик парчаланмайдиган материаллар бўлиши мумкин.

96. Ҳозирги кунда аксарият электрон сигаретларнинг пластик картрижлари қайта ишлатиш ёки қайта ишланишга ярамайди — маълумки, трансмиллий компаниялар содиқ мижозларни жалб қилиш орқали сотувни кўпайтириш учун бир марталик картриджларни сотишади.

97. Тамаки ишлаб чиқаришдан чиқадиган чиқиндилар 3 миллион трансатлантик парвозга тенг.

98. Тамаки тутуни таркибида уч хил иссиқхона газлари — карбонат ангидрид, метан ва азот оксидлари мавжуд бўлиб, улар бинолар ичидаги ва ташқарисидаги атроф-муҳитни ифлослантиради.

99. Бутун дунёда ҳар йили тамаки етиштириш ва қайта ишлаш учун тахминан 200 минг гектар ердан фойдаланилади.

100. Қишлоқ хўжалиги ерларини тамаки ўстириш учун кўпайтириш мақсадида ўрмонларнинг кесилиши кўплаб жиддий экологик оқибатларга олиб келади, жумладан биологик хилма-хилликнинг йўқолиб бориши, тупроқ эрозияси ва деградацияси, сув объектларининг ифлосланиши ва атмосферада карбонат ангидрид газининг кўпайиши.

101. Тамаки етиштириш одатда пестицидлар, ўғитлар ва ўсиш регуляторларини ўз ичига олган жуда кўп миқдорда кимёвий воситалардан фойдаланишни талаб қилади. Ушбу кимёвий моддалар тамаки етиштириладиган ҳудудларда эриган ва ёмғир суви оқиб тушиши оқибатида ичимлик суви манбаларига тушиши мумкин.

102. Ҳар 300 дона сигарет учун (тахминан 1,5 блок) биргина тамаки баргларини қуритишга бутун бошли битта дарахт керак бўлади.

103. Йилига 6 триллион сигарет ишлаб чиқарилиши учун 300 миллиард қадоқ керак бўлади (ҳар бир қути учун 20 та сигаретани ҳисобга олсак). Ҳар бир бўш қадоқ тахминан олти граммни ташкил этади деб ҳисобласак, бу тахминан 1,8 миллион тонна қоғоз, сиёҳ, целлофан, фольга ва елимдан иборат чиқиндилар. Қадоқлаш ва ташиш контейнерлари сифатида ишлатиладиган плёнкалар ва картон қутиларидан иборат чиқиндилар билан биргаликда қаттиқ чиқиндиларнинг умумий йиллик ҳажми камида 2 миллион тоннани ташкил этади.